Европа топ чемпионатларида қатор сенсациялар қайд этилди. АПЛда тарихий жамоалар пайдо бўлди, Францияда «Ланс» кутилмаганда «ПСЖ»га рақобатчилик таклиф қилди ва якунда совринга эга бўлди. Қолаверса, Ла Лигада косоволик форвард Мбаппе билан тўпурарлар пойгасида курашди. Хуллас, ортда қолган мавсумнинг 7 та муҳим воқеаларига эътибор қаратамиз.
«Борнмут» ва «Сандерленд» — еврокубокларда

Иккала жамоа ҳам чемпионат орқали еврокубокларга йўлланма олди: «Борнмут» 6-ўринни, «Сандерленд» эса 7-ўринни эгаллади. Андони Ираола шогирдлари охирги тургача Чемпионлар лигаси учун курашди, аммо якундаги икки дуранг «Ливерпул»ни қувиб ўтишга имкон бермади — мерсисайдликлар атиги уч очколик устунлик билан олдинда қолди.
Шунга қарамай, «Борнмут» мавсум охирида 18 ўйинлик мағлубиятсиз серия қайд этиб, лигага Райян ва Жуниор Крупи каби ёш истеъдодларни тақдим этди. Бу — АПЛдаги тўртинчи мавсумини ўтказаётган жамоа учун жуда яхши натижа.
«Сандерленд» эса Чемпионшипдан тўғридан-тўғри еврокубокларга йўл олди. Жамоа АПЛга ҳам плей-офф орқали қайтган эди. “Қора мушуклар” саккиз йил давомида Премер-лигада ўйнамаган, ҳатто бир неча мавсум учинчи дивизионда иштирок этган.
Мавсум тугашига икки тур қолганда жамоа 12-ўринда эди. Бироқ «Эвертон» (3:1) ва «Челси» (2:1) устидан ғалабалар ҳамда рақибларнинг очко йўқотиши кескин сакрашни таъминлади.
Натижада, келаси мавсумда Англия номидан кутилмаган жамоалар еврокубокларда қатнашади, «Челси», «Нюкасл» ва «Тоттенҳэм» эса бу сафар четда қолди.
«Хетафе» ва Хосе Бордалас сенсацияси

Мадрид атрофидаги клуб тарихида тўртинчи бор еврокубокларда иштирок этади — жамоа 7-ўринни эгаллаб, Конференциялар лигасига йўлланма олди.
Мавсум бошида «Хетафе» пастки ўринлар учун курашади, деб тахмин қилинган эди. Сабаби — таркиб қиймати бўйича лигада 18-ўрин ва ўтган мавсумдаги 13-поғона.
Бироқ бош мураббий Хосе Бордаласнинг қаттиқ интизомга асосланган ўйин услуби самара берди. Жамоа Ла Лигада атиги 32 гол урди (бу кўрсаткич фақат сўнгги ўриндаги жамоадан юқори), аммо 38 гол ўтказиб юборди — бу эса фақат «Реал» ва «Барселона»дан ёмонроқ натижа.
Шу боис, 62 ёшли мутахассис мавсумнинг энг яхши мураббийи совринига номзодлардан бирига айланди. Ҳозирча унинг келажаги ноаниқ — шартнома 30 июнда якунланади.
АПЛда янги юлдузлар: Игор Тиаго ва Антуан Семенё

Мавсумда фақат жамоалар эмас, балки янги номлар ҳам порлади. Бразилиялик 24 ёшли Игор Тиаго ўзининг биринчи тўлиқ мавсумидаёқ 22 та гол уриб, АПЛ тўпурарлари рўйхатида иккинчи ўринни эгаллади. Ундан кўпроқ фақат Эрлинг Ҳоланд (27) гол урди.
Барча турнирларда эса у 25 голга муаллифлик қилди ва Бразилия миллий жамоаси билан жаҳон чемпионатига йўл олди. Антуан Семенё эса 17 гол билан учинчи ўринни эгаллади. У қишда «Манчестер Сити»га 72 млн евро эвазига ўтиб, янги жамоада ҳам тез мослашди — 27 ўйинда 11 гол ва 3 ассист.
«Ланс» — Францияда тарихий мавсум

Жамоа XXI асрдаги энг яхши натижасини такрорлаб, Лига 1да иккинчи ўринни эгаллади ва чемпионлик учун охиригача курашди.
Қишда ҳатто икки ойга яқин пешқадам бўлган «Ланс» кейинчалик «ПСЖ»ни ўтказиб юборди. Мавсум охиридаги бир қатор муваффақиятсизликлар чемпионлик имкониятини йўққа чиқарди.
Бироқ жамоа Франция кубоги финалида «Ницца»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, тарихда илк бор ушбу трофейни қўлга киритди. Бу — клубнинг 120 йиллигига муносиб совға бўлди.
«Комо» — илк бор Чемпионлар лигасида

Италияда «Комо» тарихий натижа қайд этди. А Серияга 21 йиллик танаффусдан сўнг қайтган клуб иккинчи мавсумидаёқ 4-ўринни эгаллаб, илк бор Чемпионлар лигасига чиқди.
Сеск Фабрегас шогирдлари мавсум давомида барқарор ўйин кўрсатиб, сўнгги турда ҳал қилувчи ғалабани қўлга киритди.
Жамоада асосан ёш легионерлар порламоқда. Хусусан, аргентиналик Нико Пас мавсумнинг энг яхши яримҳимоячиси деб топилди. Фабрегасга эса талаб янада ортди. Лекин испаниялик мутахассис «Комо»да қолишга қарор қилди.
Ведат Мурики — омадсиз жамоадаги қаҳрамон

«Малёрка» чемпионатни 18-ўринда якунлаб, Ла Лигани тарк этди. Аммо жамоа ҳужумчиси Ведат Мурики мавсумнинг энг ёрқин фигураларидан бирига айланди.
Косоволик 32 ёшли форвард 23 гол уриб, жамоасининг қарийб ярим голларига муаллифлик қилди. Ҳатто Килиан Мбаппе билан тўпурарлик пойгасида рақобат қилди. Франциялик футболчи 25 та гол уриб, тўпурарга айланди. Лекин Мурикининг бундай рақобатлашишини ҳеч ким кутмаганди.
«Ҳоффенҳайм» — Германиядаги сенсация

Ўтган мавсумда лигада жон сақлаб қолган «Ҳоффеҳайм» бу сафар еврокубокларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Жамоа мавсум давомида Чемпионлар лигаси учун курашди, аммо сўнгги паллада имкониятни қўлдан чиқарди. Шунга қарамай, 5-ўрин ва Европа лигаси йўлланмаси катта ютуқ ҳисобланади. Бу натижа клубнинг сўнгги йиллардаги энг яхши кўрсаткичига айланди.