Бугун
28
Ўзбек

Суперлига. «Нефтчи» «Навбаҳор»га қарши, «Пахтакор» эса 2 та Тошкент дербисида майдонга тушади

Футбол
9 июл, 04:00
Ушбу ой Ўзбекистон Суперлигаси мухлислари учун ҳақиқий футбол байрамига айланиши кутилмоқда.
Суперлига. «Нефтчи» «Навбаҳор»га қарши, «Пахтакор» эса 2 та Тошкент дербисида майдонга тушади
Фото: FC Neftchi

Июл ойи Ўзбекистон Суперлигаси мухлислари учун ҳақиқий футбол байрамига айланиши кутилмоқда. Турнир жадвалининг юқори қисмидаги жамоалар ўзаро тўқнаш келиши, тарихий дербилар, принципиал рақобатлар ва чемпионлик пойгасига бевосита таъсир кўрсатадиган учрашувлар футбол ишқибозларини кутмоқда. Биз июл ойида футбол мухлислари ўтказиб юбормаслиги керак бўлган 5 та энг қизиқарли учрашувга алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Нефтчи — Бухоро (12-тур, 16 июл).


Турнинг марказий учрашувларидан бири Фарғонада бўлиб ўтади. Мусобақа пешқадами «Нефтчи» 28 очко билан биринчи ўринда бораётган бўлса, «Бухоро» 20 очко билан кучли учликдан жой олган. Демак, бу баҳс чемпионлик пойгасига бевосита таъсир қилиши мумкин.

Жамоалар яқиндагина Ўзбекистон кубоги доирасида Бухорода тўқнаш келишган ва ўша учрашув голсиз дуранг билан якунланган. Ўтган мавсум Фарғонада кечган баҳс эса мезбонларнинг минимал 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан тугаганди.

Ўшанда учрашув тақдирини 89-дақиқада Йован Жокич урган гол ҳал қилган. Бу сафар ҳам мухлисларни кескин ва муросасиз кураш кутмоқда.

Хўш, «Нефтчи» пешқадамликни мустаҳкамлайдими ёки «Бухоро» Фарғонадан қимматли уч очко билан қайтадими?


Пахтакор — Локомотив (12-тур, 17 июл).


Тошкент дербиси доимо ўзгача муҳитда ўтади. Бу сафар ҳам бундан мустасно эмас. 2-ўриндаги «Пахтакор» 6-поғонадаги «Локомотив»ни қабул қилади.

Бу жамоалар ўртасидаги баҳслар 2014–2019-йиллар оралиғида чемпионлик учун ҳал қилувчи ўйинларга айланганди. «Локомотив» сафарда «Пахтакор»ни охирги марта 2018 йилда 3:1 ҳисобида мағлуб этган ва айнан ўша ғалаба «темирйўлчилар»нинг чемпионлик йўлидаги энг муҳим қадамлардан бири бўлган.

Жамоаларнинг «Пахтакор» стадионидаги сўнгги учрашувида эса мезбонлар 3:1 ҳисобида зафар қучган. Дониёр Абдуманнопов дубл қайд этган, яна бир голни Драган Черан урган бўлса, меҳмонларнинг ягона жавоб голига Сардор Абдунабиев муаллифлик қилган.

Тарих яна такрорланадими ёки «Локомотив» кўп йиллардан буён кутилаётган сафардаги ғалабасини қўлга кирита оладими?


Бухоро — Бунёдкор (13-тур, 21 июл).


13-турнинг марказий баҳсларидан бири Бухорода бўлиб ўтади. Турнир жадвалида 3-ўринни эгаллаб турган «Бухоро» 5-поғонадаги «Бунёдкор»ни қабул қилади. Мазкур учрашув юқори поғоналар учун курашда катта аҳамият касб этади.

Статистика эса бу гал мезбонлар фойдасига эмас. «Бухоро» ўз майдонида 2017 йилдан буён «Бунёдкор»ни мағлуб эта олмаяпти. Ўтган мавсумдаги учрашувда ҳам «қалдирғочлар» 2:0 ҳисобида устун келган. Ўшанда Бобур Йўлдошев ва Фране Икичнинг голлари меҳмонларга ғалаба келтирганди.

Хўш, «Бухоро» ниҳоят омадсиз сериясига якун ясайдими ёки «Бунёдкор» яна ноқулай рақиб эканини исботлайдими?


Бунёдкор — Пахтакор (14-тур, 26 июл).


26 июл куни қарийб йигирма йиллик тарихга эга Тошкент дербиси яна футбол ишқибозлари эътиборини ўзига қаратади. Ҳар икки жамоа турнир жадвалининг юқори қисмида бораётгани учрашув аҳамиятини янада оширмоқда.

Қизиғи шундаки, «Бунёдкор» Суперлигада ўз майдонида ўтган сўнгги 5 та дербининг учтасида «Пахтакор»ни мағлуб этган. Ўтган мавсум «Бунёдкор» стадионида ўтган баҳс эса 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланган. Ўшанда Темурхўжа Абдухолиқов ва Игор Сергеев гол муаллифига айланганди.

Бу гал дербида кимнинг қўли баланд келади? «Бунёдкор» ўз майдонидаги устунлигини давом эттирадими ёки «Пахтакор» принципиал рақибидан реванш оладими?


Нефтчи — Навбаҳор (14-тур, 28 июл).


Июл ойининг энг кутилаётган учрашуви шубҳасиз Фарғонада бўлиб ўтади. «Нефтчи» ўз майдонида азалий рақиби «Навбаҳор»ни қабул қилади.

Қолаверса, ўзбек футболининг ёш ва истиқболли мураббийлари Тимур Кападзе ҳамда Ислом Исмоилов ўртасидаги тактик дуэл ҳам баҳсга алоҳида жозиба бағишлайди.

Жамоаларнинг Фарғонадаги сўнгги учрашувлари доимо кескин ўтган. Ўтган мавсумдаги баҳс эса узоқ вақт мухлислар хотирасида қоладиган камбеклардан бирига айланган.

Ўшанда «Нефтчи» 1:2 ҳисобида ортда бораётганига қарамай, Зоран Марушичнинг 2 та голи эвазига 3:2 ҳисобида ғалабани илиб кетган эди.

Бу сафар ҳам Фарғонада яна унутилмас спектакл бўладими? Ёки «Навбаҳор» ўтган йилги аламли мағлубият учун жавоб қайтарадими?

Манба: ЎзПФЛ матбуот хизмати.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар