«Бухоро» клуби Исломбек Баратов трансферини эълон қилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
«Мавсумнинг иккинчи қисми старти олдидан жамоамиз навбатдаги трансферни амалга оширди. Биринчи даврада «Локомотив» сафида тўп тепган ҳимоячи Исломбек Баратов «Бухоро» жамоаси билан шартнома имзолади.
Баратов 2000 йилда таваллуд топган. Фаолияти давомида «Янгиер», «Шўртан», «Машъал» ҳамда «Локомотив» каби клублар сафида тўп тепган.
Исломбек ўнг қанот ҳимоя ва яримҳимоя чизиғида ҳам бирдек ҳаракатлана олади. У клублар миқёсида 100 та учрашув ўтказиб, 9 та гол ва 7 ассистни амалга оширган.
Клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби Исломбек Баратовнинг иқтидори ва маҳорати янги марраларни забт этишда, ҳал қилувчи паллаларда ишончли ўйин кўрсатиб, жамоанинг ғалабалари ва ютуқларини мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнашига ишонч билдиради», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Азизхон Исақов «Бухоро» футболчиси сифатида таништирилганди.