Албаниялик ҳужумчи Рубин Хебай ёдингиздами? Унинг охирги клуби Қозоғистоннинг «Тобол» жамоаси эди. Бироқ яқинда у яна клубини ўзгартирибди. Энди Албанияга қайтиб, маҳаллий «АФ Эльбасани» шарафини ҳимоя қилади.
Ушбу ҳужумчининг «Андижон»даги ёрқин фаолиятини кўпчилик яхши эслайди. Шундан кейин Саудия Арабистони ва Тунис чемпионатларида ўйнаб қайтгач, юртимизда «Насаф» билан «Сўғдиёна»да ҳам фаолият олиб борди. Лекин ҳеч бир жамоада «Андижон»даги каби самарадорлигини кўрмадик. Куни кеча ҳужумчи Tribuna.uz нашрига интервю берди.
- Салом, Рубин! Ишларингиз яхшими? Албатта, биз сизни яхши эслаймиз. Бироқ охирги пайтларда сукунат ичида қолгандексиз...
- Бу футболда содир бўладиган нарса. Баланд ва пастликлар бўлади. Гап шундаки, ҳар кимнинг ўз лаҳзалари бор.
- Бунгача Қозоғистон чемпионатида ўйнаётганингизни билардим. Куни кеча Албания чемпионатига қайтибсиз. Нима бўлди?
- Ҳеч нарса бўлмади, мен ўзимни Қозоғистонда топа олмадим ва кўпроқ ўйнашим керак эди.
- Сўнгги пайтларда ҳар олти ойда клубингизни алмаштиряпсиз. Бунинг сабаби нимада?
- Баъзан сиз яхши ўйнайсиз ва яхшироқ даражадаги жойга борасиз. Худди шундай ҳолат ўзингизни тополмаганингизда ҳамда бир қадам орқага чекиниш ва кучлироқ бўлиш учун ўзгартиришингиз мумкин бўлган дақиқаларда ҳам содир бўлади.
- Шунингдек, мухлислар «Андижон»даги фаолиятингизни яхши эслаб қолишган. Шундан бери биз ўша Рубин Хебайни кўрмадик. Сиз бу фикрга қўшиласизми?
- Йўқ, мен «Сўғниёда»да ҳам яхши ўйнадим. Лекин мени бошқа ўйинчи билан алмаштириш клубнинг қарори эди. «Насаф» билан ҳам шундай бўлди, дея олмайман. Чунки иқтидоримни кўрсатиш учун имкон бўлмади. Аммо мени бутун фаолиятимдаги статистикамни кўрсангиз, менга ишонганларга натижа берганман. Шунин учун футбол яхши, ҳамма ҳам бирдек фикрлайвермайди.
- Қозоғистондаги фаолиятингизда нималар ёқмади?
- Жуда кўп нарсалар. Аввало, сунъий майдонлар билан боғлиқ шароитлар, клубдаги натижалар, жамоадаги муҳит ва бошқа кўп ҳолатлар.
- «Андижон»да тўпурар бўлганингизни биламиз. Яна собиқ клубингизга қайтиш ҳақида ўйламадингизми?
- Қайтишни хоҳлагандим, лекин ҳеч қанақа таклиф олмадим. Менга аталмаган нарсаларни бўлишига мажбурлай олмайман. Ҳали ҳам ёшман ва яхши ўйин кўрсата оламан. Шундай экан, агар клуб қайтишимни хоҳласа албатта бу ҳақида ўйлаб кўришим мумкин.
- Ўзбекистон миллий жамоасининг жаҳон чемпионатидаги илк иштирокига қандай баҳо берасиз?
- Энг яхши томони шундаки, улар иштирок этишди. Албатта, улар устун жамоа каби боришмади. Бироқ жамоа ҳаракат қилди ва менимча, бу йигитларнинг барчаси учун яхши тажриба. Буни бутун умр эслаб қолишади.
- Мундиалда сиз мухлислик қилаётган жамоалар?
- Менга Бразилия ёқади. Бироқ, афсуски, улар яқинда мусобақадан чиқиб кетишди. Португалия ҳам мусобақа билан хайрлашди. Шунинг учун бундан буён Францияни кузатиб бораман.
- Ўзбекистонда кўпроқ нималарни соғиндингиз?
- Мен ҳамма нарсани айта оламан, дўстларим, одамлар, жой, деярли ҳамма нарса.
- Сиз бир қанча мамлакатлар чемпионатларида тўп тепдингиз. Уларни Ўзбекистон биринчилиги билан солиштира оласизми? Қандай фарқлар бор?
- Ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Аммо Ўзбекистонда футбол яхши ритм ва яхши сифатга эга.
Рубин Хебай: «Агар клуб қайтишимни хоҳласа албатта бу ҳақида ўйлаб кўришим мумкин»
Эксклюзив
9 июл, 03:28
Tribuna.uz мухбири ўзбек футболига таниш бўлган албаниялик форвард билан суҳбатлашди.
Фото: Getty Images
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади