«Ювентус» бош мураббийи Лучано Спалетти А Сериянинг 10-турида «Наполи» устидан қозонилган ғалабадан (2:0) кейин ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Бугунги ғалабадаги барча хизматлар футболчиларга тегишли. Улар ўзларини қўлга олишди, куч топиб, олдинга интилишди ва ижобий фикрлашга ҳаракат қилишди. Иккинчи бўлимда айрим ўзгаришлар киритилганидан кейин режаларимиз амалга ошди.
Менимча, йигитлар ғалабага тўлиқ лойиқ эди. Бу натижа уларга ўз имкониятларига бўлган ишончни қисман қайтарди. Биз эса уларни қўллаб-қувватлашимиз керак.
Айрим футболчилар ишончсизлик гирдобига тушиб қолишади ва ҳатто энг оддий ҳаракатларни бажаришда ҳам иккиланишади. Бир вазиятдаги хато ёки қарор қабул қилишдаги иккиланиш бошқаларга ҳам таъсир қилади.
«Наполи» ўйинни яхши бошлади. Биз икки-уч марта ҳимояланишга мажбур бўлдик. Лекин учрашув давомида жамоамиз тўғри қарорлар қабул қилиш, олдинга ҳаракатланиш ва ижобий фикрлаш борасида яхши ўйнади. Футболчилар ҳар қандай мақтовга лойиқ.
Ҳозирча аниқ ўйин схемамиз йўқ. Бугун Маккеннини алмаштиришимга тўғри келди, Сарр эса юқори ҳарорат сабаб майдонга туша олмади. Амалга оширган барча алмаштиришларим мажбурий бўлди. Энди пайшанба куни яна ўйинимиз бор», — деди Спалетти.
Мухлисларнинг норозилиги ҳақида
«Биз шу руҳда давом этишимиз керак. Бу вазиятни енгиб ўтишимиз лозим, кейин мухлислар хоҳлаган гапларини айтишлари мумкин. Ҳозир эса иккинчи бўлимда ўзининг ҳақиқий қиёфасини кўрсатган трибуналар билан биргаликда бирлашиб, курашишимиз керак.
Спалетти ишга ярамайди, фалон футболчи фойдасиз, ҳаммани жамоадан кетказиш керак деб айтиш мумкин. Бироқ ҳозир биз бирлашишимиз зарур. Стадион яна бизнинг қалъамизга айланиши керак.
Мухлислар бизнинг ёнимизда бўлиши жуда муҳим. Ҳатто уларни хурсанд қила олмасак ҳам бизни олқишлаган ва қўллаб-қувватлаган барча мухлисларга миннатдорчилик билдирамиз», — дея Спалеттининг сўзларини келтиради DAZN.