Мадриднинг «Атлетико» клуби «Ювентус»га тегишли ҳужумчи Жонатан Девидни тўлиқ трансфер қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда журналист Экрем Конур хабар берди.
Манбага кўра, мадридликлар 26 ёшли футболчини сотиб олиш масаласини муҳокама қилишни бошлаган. Эҳтимолий трансфер қиймати 25 миллион евро атрофида баҳоланмоқда. Ушбу маблағни тўрт йил давомида бўлиб тўлаш режалаштирилган.
Айни вақтда «Атлетико» Девид маошининг тахминан 60 фоизини қопламоқда. Қолган қисмини эса «Ювентус» тўлаб бермоқда. Мадрид клуби якуний қарорни яқин вақт ичида қабул қилиши кутилмоқда.
Девид ушбу мавсумда «Атлетико» сафида 8 та баҳсда майдонга тушиб, учта гол урди ва иккита голли узатмани амалга оширди.