Австралиянинг Сидней шаҳридаги «Аккор» стадионида «Челси» ва «Вестерн Сидней Уондерерс» ўртасидаги ўртоқлик баҳси бўлиб ўтди. Муросасиз кечган беллашувда лондонликлар 6:4 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ҳисоб 6-дақиқада Дастан Сатпаев томонидан очилди. 14-дақиқада Энтони Пантазопулос мувозанатни тиклади. 32-дақиқада Эйдан Ҳеммонд мезбонларни олдинга олиб чиқди, бироқ орадан беш дақиқа ўтиб Дариу Эсугу ҳисобни тенглаштирди.
62-дақиқада Дилан Сайклуна яна «Вестерн Сидней Уондерерс»ни олдинга олиб чиқди. Тўрт дақиқадан сўнг Жейми Гиттенс жавоб голини урди. 78-дақиқада Оуен Луал австралияликларни яна ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Баҳс якунида Жоау Педро ҳақиқий қаҳрамонга айланди. Бразилиялик ҳужумчи 80, 85 ва 88-дақиқаларда кетма-кет учта гол уриб, «Челси»га иродали ғалабани тақдим этди.
Маълумот учун, бу «Челси»нинг Австралия ва Осиё бўйлаб мавсумолди сафаридаги илк ўртоқлик баҳси бўлди. Кейинги ўйинда лондонликлар Сиднейда «Тоттенҳэм»га қарши майдонга тушади.
Ўртоқлик баҳси
28 июл. Сидней
Челси — Вестерн Сидней Уондерерс 6:4
Голлар: Сатпаев, 6 (1:0), Пантазопулос, 14 (1:1), Ҳеммонд, 32 (1:2), Эсугу, 37 (2:2), Сайклуна, 62 (2:3), Гиттенс, 66 (3:3), Луал, 78 (3:4), Жоау Педро, 80 (4:4), 85 (5:4), 88 (6:4).
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади