Мадриднинг «Реал» клуби ва Винисиус Жуниор янги шартнома борасидаги музокараларни Жаҳон чемпионатидан сўнг бошлайди. Бу ҳақда АS нашри хабар берди.
Манбага кўра, томонлар таътилдан қайтгач учрашишга келишиб олган ва мавсумолди йиғин бошланишидан олдин шартнома масаласини ҳал қилишни режалаштирмоқда.
Қайд этилишича, Винисиус ҳам, «Реал» раҳбарияти ҳам ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор. Бразилиялик футболчи клуб президенти ҳамда бошқа раҳбарларга жамоада қолиш истагини билдирган ва янги шартнома имзолашга тайёр эканини маълум қилган.
Мадрид клуби ҳам 25 ёшли футболчи билан битимни узайтиришни режалаштирмоқда. Сўнгги музокаралардан кейин Винисиуснинг келажаги борасидаги хавотирлар деярли йўқолгани таъкидланмоқда.
АS маълумотига кўра, томонлар бир ойдан кам вақт ичида келишувга эришиши мумкин. «Реал» Винисиус янги мавсумни янги шартнома билан бошлашига умид қилмоқда.