Мадриднинг «Реал» клуби «Бавария» ҳужумчиси Майкл Олисени ўз сафига қўшиб олиш ниятидан воз кечгани йўқ. Клуб яқин икки-уч ҳафта ичида футболчи трансфери бўйича расмий таклиф юборишни режалаштирмоқда.
Бу ҳақда Defensa Central нашри журналист Мигел Серрано маълумотларига таяниб хабар берди.
Қизиғи, бундан бир неча кун аввал «Қироллик клуби» Олисе ва унинг вакиллари билан ҳеч қандай алоқа бўлмаганини расман маълум қилган эди. Бироқ манбага кўра, бу трансфер бўйича ишлар барибир давом этмоқда.
Хабарда айтилишича, ЖЧ-2026 якунланганидан сўнг «Бавария» раҳбарияти футболчи билан учрашиб, унинг келажаги борасидаги позициясини аниқлаштирмоқчи. Мюнхенликлар Олисе ҳақиқатан ҳам «Реал»га ўтишни хоҳлаяптими ёки Германияда қолишга тайёрми — шуни билиб олишни режалаштирган.
Шунингдек, манба 2021 йилда Килиан Мбаппе масаласида ҳам «Реал» шунга ўхшаш баёнот берганини эслатади. Ўшанда мадридликлар «ПСЖ» ҳужумчиси билан алоқалар йўқлигини билдирган, аммо кейинчалик трансфер устидаги ишлар давом этгани маълум бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, 24 ёшли Майкл Олисе ўтган мавсум «Бавария» сафида барча турнирларда 52 та учрашувда майдонга тушиб, 22 та гол ва 31 та ассист қайд этган. У ҳозирда ЖЧ-2026да Франция миллий жамоаси сафида иштирок этмоқда.