«Атлетико» ҳужумчиси Хулиан Алварес «Реал»нинг трансфер мақсадлари рўйхатидан жой олди. Бу ҳақда Sky Sport Germany журналисти Патрик Бергер хабар берди.
Манба маълумотига кўра, Мадриднинг «Реал» клуби 26 ёшли аргентиналик футболчини юқори баҳоламоқда ва унинг трансфери вариантини кўриб чиқмоқда.
Қайд этилишича, «Атлетико» Алваресни сотиш масаласини фақат 150 миллион евро атрофидаги таклиф тушган тақдирдагина кўриб чиқишга тайёр.
Аввалроқ ҳужумчи билан «Барселона», «ПСЖ» ва «Арсенал» ҳам қизиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган мавсумда Алварес барча мусобақаларда 49 та баҳсда майдонга тушиб, 20 та гол урди ва 9 та голли узатмага муаллифлик қилди.
Маълумот учун, Алвареснинг Мадрид клуби билан шартномаси 2030 йилнинг ёзига қадар амал қилади. Тransfermarkt портали уни 100 миллион еврога баҳолаган.