Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси «Ал Аҳли»нинг Ўзбекистон клубларига ҳамда «Пахтакор»нинг Саудия Арабистони жамоаларига қарши Осиё мусобақаларида қайд этган натижаларини тақдим этди.
«Ал Аҳли» Ўзбекистон клубларига қарши 13 марта ўйнаган
Жидданинг «Ал Аҳли» клуби шу вақтга қадар Ўзбекистоннинг «Навбаҳор», «Пахтакор», «Насаф» ва «Бунёдкор» жамоаларига қарши жами 13 та учрашув ўтказган.
Илк тўқнашувлар 2000 йилда «Навбаҳор»га қарши кечган. Наманганликлар дастлабки баҳсда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, иккинчи учрашувда «Ал Аҳли» 6:1 ҳисобида устун келган.
2005 йилда «Пахтакор» ва «Ал Аҳли» икки марта тўқнаш келган. Тошкентдаги баҳсда «Пахтакор» 2:1, Жиддадаги ўйинда эса «Ал-Аҳли» 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
2019 йилда ҳам жамоалар ўзаро икки учрашув ўтказиб, биттадан ғалаба қайд этган — 2:1 ва 0:1.
Саудияликлар 2015 ва 2016 йилларда «Насаф» билан жами тўрт марта ўйнаган. Жиддаликлар ушбу баҳсларда 2 ғалаба, 1 дуранг ва 1 мағлубият қайд этган.
2017 йилда «Бунёдкор» билан ўтказилган икки учрашувда ҳам жамоалар биттадан ғалабага эришган — 2:1 ва 2:0.
2025 йилда эса «Ал Аҳли» «Насаф»ни 4:2 ҳисобида мағлуб этган. Умуман, жамоа Ўзбекистон клубларига қарши 13 та учрашувда 7 ғалаба, 1 дуранг ва 5 мағлубият қайд этган.
«Пахтакор» Саудия Арабистони клубларига қарши 33 марта майдонга тушган
«Пахтакор» эса Осиё мусобақаларида Саудия Арабистони клубларига қарши бой тарихга эга. Тошкентликлар турли йилларда «Ал Иттиҳод», «Ал Аҳли», «Ал Ҳилол», «Аш Шабоб», «Ан Наср», «Ат Таъавун» ва «Ал Фейҳа» каби жамоалар билан тўқнаш келган.
Ушбу рақибларга қарши жами 33 та учрашувда «шерлар» 7 марта ғалаба қозонган, 6 та баҳсда дуранг ўйнаган ва 20 марта мағлуб бўлган.
«Пахтакор» ва «Ал Аҳли» эса шу вақтга қадар 4 марта ўзаро тўқнаш келган. Томонлар 2 тадан ғалаба қайд этган.
2005 йилда «Пахтакор» 2:1, «Ал Аҳли» эса 3:0 ҳисобида устун келган. 2019 йилда Жиддадаги учрашув «Ал Аҳли»нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган бўлса, Тошкентда «Пахтакор» 1:0 ҳисобида зафар қучган.
Энди жамоалар ОФК Элит Чемпионлар лигасининг янги мавсумида яна бир бор ўзаро тўқнаш келади. Беллашув бугун, 14 сентябр куни Тошкент вақти билан соат 23:15 да старт олади.

Фото: ЎзПФЛ

Фото: ЎзПФЛ
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади