Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси «Эйр Форс»нинг Ўзбекистон клубларига ҳамда «Нефтчи»нинг Ироқ жамоаларига қарши ўтказган учрашувлари натижаларини тақдим этди.
«Эйр Форс» Ўзбекистон клубларига қарши 7 марта ўйнаган
Ироқнинг «Эйр Форс» клуби шу вақтга қадар Осиё мусобақаларида Ўзбекистоннинг учта жамоаси — «Навбаҳор», «Пахтакор» ва ОКМКга қарши жами 7 та учрашув ўтказган.
Ироқликлар Ўзбекистон клубларига қарши илк бор 1996 йилда майдонга тушган. Ўшанда «Эйр Форс» «Навбаҳор»ни 5:2 ҳисобида мағлуб этган, иккинчи баҳсда эса наманганликлар 4:1 ҳисобида устун келган.
2019 йилда «Эйр Форс» «Пахтакор»га (1:2) ҳисобида имкониятни бой берган. 2021 йилда жамоалар яна икки бор тўқнаш келди. Дастлабки баҳс 0:0 ҳисобида якунланган бўлса, иккинчи учрашувда «Пахтакор» 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
2023 йилда эса Ироқ клуби ОКМК билан икки марта баҳс олиб борди ва ҳар икки учрашувда ғалаба қозонди — 3:2 ва 2:1.
Шу тариқа, «Эйр Форс» Ўзбекистон клубларига қарши 7 та учрашувда 3 ғалаба, 1 дуранг ва 3 мағлубият қайд этган.
«Нефтчи»нинг Ироқ клубларига қарши натижалари
Фарғонанинг «Нефтчи» клуби эса шу вақтга қадар Ироқнинг учта жамоаси — «Аз Завра», «Ан Нажаф» ва «Арбил»га қарши жами 5 марта майдонга тушган.
1996 йилда «Нефтчи» «Аз Завра» билан икки марта тўқнаш келиб, 0:1 ва 1:2 ҳисобларида мағлуб бўлган.
2007 йилда фарғоналиклар «Ан Нажаф»га қарши дастлабки учрашувда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган. Кейинги баҳсда эса «Нефтчи» рақибини 1:0 ҳисобида мағлуб этган.
2012 йилда «Нефтчи» «Арбил» меҳмони бўлиб, 0:4 ҳисобида имкониятни бой берган.
Умумий ҳисобда «Нефтчи» Ироқ клубларига қарши 5 та учрашувда 1 ғалаба, 1 дуранг ва 3 мағлубият қайд этган.

Фото: ЎзПФЛ

Фото: ЎзПФЛ
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади