Live
1
Ўзбек

Элит ОЧЛнинг амалдаги ва кетма-кет икки карра ғолиби — «Пахтакор»нинг Элит ОЧЛ илк туридаги рақиби ҳақида

Футбол
14 сентябр, 08:00
    10+
Жамоа мухлислар орасида «қироллик клуби» лақаблари билан машҳур.
Элит ОЧЛнинг амалдаги ва кетма-кет икки карра ғолиби  — «Пахтакор»нинг Элит ОЧЛ илк туридаги рақиби ҳақида
Фото: ЎзПФЛ
14.09.2026, 14:15 Осиё Чемпионлар Лигаси Аль-Ахли Джедда Аль-Ахли Джедда - : - Пахтакор Пахтакор

Бугун, 14 сентябр куни «Пахтакор» Элит Осиё Чемпионлар Лигасининг янги мавсумидаги юришини бошлайди.

Тошкентликлар дастлабки турни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида мусобақанинг амалдаги чемпиони «Ал Аҳли»га қарши ўтказади. «Пахтакор»нинг дастлабки рақиби ҳақида батафсил тўхталамиз.

«Ал Аҳли» Саудия Арабистони футболининг энг номдор клубларидан бири ҳисобланади. Жамоа 1937 йилда ташкил топган ва 89 йиллик тарихга эга.

Клуб мухлислар орасида «Ал Малаки» — «Қироллик клуби» ҳамда «Нади Ал Умма» — «Халқ клуби» лақаблари билан машҳур.

«Ал Аҳли» ўз уй учрашувларини Жидда шаҳридаги «Қирол Абдуллоҳ Спорт Сити» мажмуасида жойлашган «Алинма» стадионида ўтказади. Ушбу арена 62 мингдан зиёд мухлисни ўз бағрига сиғдира олади.

Осиёнинг кетма-кет икки карра чемпиони

«Ал Аҳли» сўнгги йилларда нафақат Саудия Арабистони, балки бутун Осиёнинг етакчи клубларидан бирига айланди. Жамоа Элит Осиё Чемпионлар Лигасининг амалдаги ва кетма-кет икки карра ғолиби ҳисобланади.

Жиддаликлар 2024/2025 йилги мавсум финалида Япониянинг «Кавасаки Фронтале» клубини (2:0) ҳисобида мағлуб этиб, ўз тарихида илк бор Осиё чемпионига айланганди.

Орадан бир йил ўтиб, «Ал Аҳли» ўз унвонини ҳимоя қилди. Жамоа 2025/2026 йилги мавсум финалида Япониянинг «Мачида Зелвия» клубини қўшимча бўлимларда (1:0) ҳисобида таслим этди. Ғалаба голига Фирас Ал Бурайкан муаллифлик қилди.

Шу тариқа, «Ал Аҳли» 2004 ва 2005 йилларда «Ал Иттиҳод» қайд этган натижадан кейин Осиёнинг асосий клублар турнирида кетма-кет икки марта чемпион бўлган илк жамоага айланди.

Жамоани Марино Пушич бошқармоқда

«Ал Аҳли»ни айни пайтда 55 ёшли нидерландиялик мутахассис Марино Пушич бошқармоқда.

У 2026 йил 6 август куни клуб бош мураббийи этиб тайинланди ва 2028 йилга қадар мўлжалланган шартнома имзолади.

Пушич бунга қадар «Твенте», «Фейеноорд», Донецкнинг «Шахтёр» ҳамда БААнинг «Ал Жазира» клубларида фаолият олиб борган. У «Шахтёр» билан Украина чемпионлиги ва мамлакат кубогини қўлга киритган.

Шунингдек, «Фейеноорд» мураббийлар штабида ишлаган даврида Нидерландия чемпионлигини нишонлаган.

Юлдузли таркиб

«Ал Аҳли» таркиб жиҳатидан Осиёдаги энг кучли жамоалардан бири бўлиб қолмоқда.

Клубда Сенегал миллий жамоаси дарвозабони Эдуард Менди, бразилиялик ҳимоячи Рожер Ибанес, Туркия миллий жамоаси аъзоси Мерих Демирал, бразилиялик Галено ҳамда Англия миллий жамоасида ўйнаган Айвен Тоуни каби таниқли футболчилар фаолият олиб бормоқда.

Ёзги трансфер ойнасида жамоа таркибида катта ўзгаришлар юз берди. Риёд Маҳрез ва Франк Кессие клубни тарк этди.

Уларнинг ўрнига Португалия миллий жамоаси футболчиси Франсишку Тринкау, Арманистон миллий жамоаси етакчиларидан бири Эдуард Сперцян ва украиналик яримҳимоячи Артём Бондаренко каби футболчилар билан таркиб кучайтирилди.

Маҳаллий футболчилар орасида ҳам миллий жамоа аъзолари кўп

«Ал Аҳли»нинг маҳаллий футболчилари орасида Саудия Арабистони миллий жамоаси вакиллари ҳам кўп.

Али Мажраши, Зиёд Ал Жоҳани ва Фирас Ал Бурайкан 2026 йилги жаҳон чемпионати учун Саудия Арабистонининг якуний таркибидан жой олган.

Бундан ташқари, Закария Ҳавсави ва Солиҳ Абу Аш Шамат ҳам мундиал олдидан Саудия Арабистони миллий жамоаси йиғинига жалб қилинган футболчилар ҳисобланади. Ёзда «Ал Ҳилол»дан келиб қўшилган ҳужумчи Абдуллоҳ Радиф ҳам Саудия Арабистони миллий жамоаси сафида ўйнаш тажрибасига эга.

Ўзаро учрашувларда тенглик

«Пахтакор» ва «Ал Аҳли» учун бу Осиё майдонидаги илк учрашув эмас.

Томонлар шу вақтга қадар 4 марта ўзаро тўқнаш келган. Ушбу баҳсларнинг 2 тасида «Пахтакор» ғалаба қозонган бўлса, яна 2 учрашув Жидда клуби фойдасига ҳал бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Элит Осиё Чемпионлар Лигаси 1-туридан ўрин олган «Ал Аҳли» — «Пахтакор» учрашуви бугун Жидда шаҳридаги «Алинма» стадионида бўлиб ўтади.

Баҳс Тошкент вақти билан соат 23:15 да бошланади.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Аль-Ахли Джедда Аль-Ахли Джедда
  • Пахтакор Пахтакор
  • Осиё Чемпионлар Лигаси Осиё Чемпионлар Лигаси
Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

10+ изоҳ
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар