Ўзбекистон Суперлигасидаги танаффусдан фойдаланаётган «Нефтчи» жамоаси Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини ўтказади.
Клуб матбуот хизматининг маълум қилишича, жамоа делегацияси бугун Тошкент халқаро аэропортидан Анталияга йўл олди. Йиғин 24 июнга қадар давом этади.
Бош мураббий Исломбек Исмоилов бошчилигидаги жамоа мавсумнинг иккинчи қисмига тайёргарлик доирасида жисмоний ҳолатни яхшилаш, тактик ишланмаларни такомиллаштириш ҳамда назорат ўйинлари ўтказишни режалаштирган.
Анталияга йўл олган футболчилар орасида Акбар Тўраев, Абдулмўмин Нурмуҳаммадов, Анваржон Ғофуров, Муҳсинжон Убайдуллаев, Иброҳим-Ҳалил Йўлдашев, Иззатилло Пўлатов, Икром Алибоев, Мўминхон Баҳодирхонов, Аброрбек Исмоилов, Алишер Одилов, Хуршид Ғиёсов, Асилбек Жумаев, Рустамбек Фомин, Далер Тухсанов ва Азизбек Эримбетов бор.
Шунингдек, легионер футболчилар ва хорижлик мураббийлар йиғинга кейинги босқичларда қўшилади. Улар орасида Боян Тсигер, Владимир Йовович, Йован Жокич, Ратинио, Зоран Марушич ва Стипе Перица каби футболчилар бор.
Эслатиб ўтамиз, «Нефтчи» мавсумнинг иккинчи қисмига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида йиғин давомида бир нечта назорат баҳсларида ҳам майдонга тушади.
