Чемпионатни муносиб ўтказаётган Фарғонанинг «Нефтчи» клуби ёзги йиғинни Туркияда олиб бормоқда. Жамоа таркиби маҳаллий ва легионерлардан иборат савияли футболчилардан ташкил топганини яхши биласиз.
Ана шундай савияли ўйинчилардан бири сербиялик Зоран Марушич бўлиб, у аллақачон фарғоналик мухлисларнинг меҳрини қозонишга улгурган. Марушич гол уришга чанқоқ ва доим рақиб ҳимоячилари учун жиддий хавф туғдириб келади. Куни кеча Tribuna.uz журналисти Зора Марушич билан суҳбатлашди.
- Зоран, айни пайтда «Нефтчи» билан Туркиядаги йиғиндасиз. Одатда, Анталияда қишки йиғинда иштирок этиб келасиз. Айтинг-чи, бу сизнинг Туркиядаги илк ёзги йиғинингизми ёки олдин ҳам ёз фаслида у ерда шуғулланганмисиз?
- Биз Анталиядан унчалик узоқ бўлмаган жойдамиз – тоғли ҳудудда. Айтганимдек, бу ҳудуд Анталиядан у қадар олис эмас. Ҳаво ҳарорати нисбатан пастроқ ва бундай ҳавода машғулот қилиш осон. Мавсумнинг ёзги қисмидаги танаффусда илк бор мана шундай жойда тайёргарлик кўришим. Ҳаммаси менга ёқяпти.
- Қўшимча қийинчиликларга дуч келмаяпсизми?
- Юқорида айтганимдек, Анталияни ўзида эмасмиз. Одатда, қишки йиғинлар Анталияни ўзида олиб борилади. Ростини айтадиган бўлсам, ҳозир денгиз бўйида, жазирамада бўлишни истамасдим. Қолаверса, бундай шарт-шароитда шуғулланиш унчалик қулай бўлмайди. Бу ерда эса анча яхши.
- Суперлигада 11 турдан кейин «Нефтчи» пешқадамлик қилмоқда. Таркиб кучли, ўйин сифати ҳам яхши. Шундай экан, ҳаммасидан қониқяпсизми ёки қандайдир камчиликлар бор, деб ўйлайсизми?
- Биз биринчи ўринда боряпмиз ва айни пайт учун бу жуда муҳим. Мавсум охиригача биринчи ўринда қолиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз. Бизга нима керак ёки керак эмаслиги ҳақида кўпроқ мураббийлар билишади. Агар, улар чизиқлардан бирини кучайтириш шарт деб ҳисобласалар албатта шу ишни амалга оширишади. Ҳозирча бизда ҳаммаси аъло даражада. Клуб раҳбарияти «Нефтчи» бундан кейин ҳам кучли бўлиши учун барча шарт-шароитларни яратиб берган.
- Ҳозиргча 6 та голга муаллифлик қилдингиз. Ҳужумчи сифатида нечта гол уришни мўлжаллагансиз?
- Мен иложи борича кўпроқ голлар киритишга ҳаракат қиламан. Қолаверса, бу зиммамдаги вазифа ҳисобланади. Лекин ўз мақсадларимни жамоа мақсадларидан юқори қўйишга одатланмаганман. Агар жамоа ғалаба қозонар экан, мен гол ураманми-йўқми, жуда бахтиёр бўламан. Ахир биз ягона жамоамиз!
- Мундиалда қайси миллий жамоаларни қўллаб-қувватлайсиз ва нима учун?
- Чемпионатда аъло даражадаги жамоалар етарли. Шу сабаб якунда ким чемпион бўлишини айтиш қийин. Умид қиламанки, бирор-бир жамоа сюрприз ҳозирлаши мумкин. Аввало, мен Ўзбекистон миллий жамоасини гуруҳдан чиқишини кутяпман. Бундан кейин эса нима бўлишини вақт кўрсатади. Эҳтимол, балки айнан Ўзбекистон миллий жамоаси ҳаммани ёқимли тарзда ҳайрон қолдирар.
- Турнир жадвалида «Нефтчи» 1, «Пахтакор» эса 2-ўринда. Сизнингча, жамоангиз учун чемпионлик пойгасидаги асосий рақобатчи «Пахтакор»ми?
- Ўйлайманки, ҳозирда биз ва «Пахтакор»дан ташқари чемпионлик учун учинчи яққол даъвогар йўқ. Лекин, шак-шубҳасиз, бизни олдинда чемпионатнинг жуда қизиқарли давоми кутиб турибди. Ўз навбатида мавсумнинг қолган қисми Ўзбекистон футболи ишқибозлари учун жуда томошабоп руҳда кечади. Умид қиламанки, биз яхши футбол намойиш эта оламиз. Ким чемпионликка муносиб бўлса, ўша жамоа ғолиб чиқаверсин.
- Сиз фаолиятингизда бир қанча мутахассислар билан ишлаб кўргансиз. «Нефтчи»нинг ҳозирги устози Ислом Исмоилов аввал бирга ишлаган мураббийлардан нимаси билан фарқ қилади?
- Менинг фаолиятимда кўплаб мураббийлар бўлишган ва ҳар бири футболчи сифатида шаклланишимга қандайдир таъсир кўрсатган. Ислом кўп жиҳатлари билан ажралиб туради. Биринчи навбатда у ажойиб мураббий, ҳужумкор футболни ёқтиради. Бу эса кўпчиликка ёқади. У ёш мутахассис ва бутун фаолияти ҳали олдинда. Ислом иложи борича тажрибасини оширишга ва ўз ишининг устаси сифатида шаклланишга интилмоқда.
Бугунги кунда бундай, ўз устида ишлашга чанқоқ мутахассислар унчалик кўп бўлмаса керак. Лекин биринчи навбатда мураббийимиз яхши инсон. Мен унга қўлга киритиш мумкин бўлган нарсаларни ютишини тилайман. Ўз навбатида шу жамоада эканман, қўлимдан келган бор ёрдамни беришга тайёрман!