Live
1
Ўзбек

Ислом Исмоилов: «Зенит» билан ўйин ўтказиш ташаббуси улардан чиқди»

Футбол
9 июн, 12:37
Фарғоналиклар 8 июл куни Россия клубига қарши ўйнайди.
Иззатбек Абдуваҳобов
Иззатбек Абдуваҳобов Редактор
Ислом Исмоилов: «Зенит» билан ўйин ўтказиш ташаббуси улардан чиқди»
Фото: Нефтчи ПФК

Суперлигамиздаги энг ёш мураббий – Ислом Исмоилов «Нефтчи» бош мураббийи ролида ҳозирча ўзидан яхши таассурот қолдиряпти. Фарғоналиклар 11 турдан кейин мусобақа жадвалида пешқадам бўлиб турибди.

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони сифатида чемпионлик камарини муносиб ҳимоя қилмоқда. Албатта, олдинда ҳали ўйинлар кўп. Барқарорликни сақлаб қолиш учун ёзги йиғинни ҳар томонлама пухта ўтказиш талаб этилади.

Бош мураббий Ислом Исмоилов эса Tribuna.uz журналистининг бир қатор саволларига жавоб қайтарди.

- Яқинда «Нефтчи»ни «Зенит» билан ўртоқлик ўйини ўтказиши ва ёзги йиғинни Туркияда олиб бориши хусусида айтиб ўтгандингиз. Жамоангизнинг ёзги йиғин режалари тасдиқландими?

- 10 июндан жамоамиз Туркиянинг Анталия шаҳрида жойлашган тепаликларда ёзги йиғинни бошлайди. Икки ҳафта давом этадиган тайёргарлик давомида иккита ўртоқлик ўйини режалаштирилган. Ҳозирча рақиблар аниқ эмас. Йиғиндаги асосий эътибор жамоанинг жисмоний тайёргарлигига ҳамда тактик ишланмаларга қаратилади. Сўнгра Ўзбекистонга қайтамиз ва икки кунлик ҳордиқдан сўнг 27 июндан ўз қароргоҳимизда йиғиламиз ва Санкт-Петербургда «Зенит»га қарши ўтадиган ўртоқлик учрашувига тайёргарлик кўрамиз. 6 июл куни Россияга учиб кетамиз ва 8-санада «Зенит» билан ўйнаймиз. У ердан қайтганимиздан кейин чемпионат доирасида «Бухоро»га қарши беллашувга тайёргарликни давом эттирамиз.

- Айтинг-чи, «Зенит»га қарши ўйин ўтказиш ташаббуси кимдан чиқди?

- Бу таклифни «Зенит» жамоаси берди. Албатта, биз бунга рози бўлдик. Қизиқарли учрашув бўлади, иккала клубга ҳам фойдали ўйин. «Зенит» бекорга Россия чемпиони эмас. Ўзига яраша юқори даражадаги жамоалардан бири ҳисобланади.

- Яқинда мураббийлар штабида сизга ёрдам бериб келган Юрген Геде клубдан кетди. Бу кутилмаганда юз бердими?

- Оилавий сабабларга кўра. Уни ёши каттароқ эди, аёли ёлғиз...Бу ерда қийинчилик туғдирди, шекилли. Шунинг учун оилавий ҳолатига кўра кетишга қарор қилди. Жамоа дўстона хайрлашди.

- Унинг ўрнига янги мутахассис жалб қилинадими?

- Ҳозирча музокаралар олиб боряпмиз, қидиряпмиз.

- «Нефтчи» 11 та турдан кейин мусобақа жадвалида пешқадамлигини сақлаб келяпти. Бош мураббий сифатида ҳаммаси режа бўйича кетяпти, деб айта олсангиз керак-а?

- Ҳамма нарса режа бўйича кетяпти. Қониқишга келадиган бўлсак, барибир ҳали қилишимиз керак бўлган ишлар жуда кўп. Ўйин сифатини янада оширишимиз керак. Ғояларимиз тезликка асосланган футбол. Бу бўйича ишлаяпмиз. Асосий мақсадимиз жамоани Осиё элит Чемпионлар лигасига оптимал формада олиб бориш.

- Энг кучли таркиб «Нефтчи»да. Шунга қарамай, ёзги селекцияда таркибда ўзгаришлар кўришимиз мумкинми?

- Таркибимизда етарлича футболчилар бор. Легионерлар лимити тўла. Бу ҳақида ҳали бош қотирганимиз йўқ. Лекин кўрамиз, вазиятга қараймиз.

- Ўзбекистон Кубоги 1\8 финалига қуръа ташланганида «Нефтчи»ни яна «Пахтакор» билан тўқнаш келиши маълум бўлди ва бу интригани янада оширди. Айтайлик, «Нефтчи» учун «Пахтакор» билан балки ярим финал ё финалда тўқнаш келган маъқулмасмиди?

- Исталган жамоа бу мусобақада кучлироқ жамоага қарши ўйнашига тўғри келади. Финалда бўладими, ярим финалдами фарқи йўқ. «Пахтакор»га тушганимизни шов-шувли ҳолат деб билмайман. Сабаби, бу табиий ҳолат, чунки бугун бўлмаса эртага барибир «Пахтакор»га қарши ўйнардик. Тўғри, «Пахтакор» Ўзбекистонни энг кучли клубларидан бири, таркибида сифатли футболчилар жуда кўп. Терма жамоа даражасида қарасак ҳам барибир «Нефтчи»дан кўра «Пахтакор»дан термага чақирилган футболчилар кўпроқ. Бу ўз-ўзидан жамоада барибир сифати юқори ўйинчилар кўплигини англатади. Биз чемпионатдаги мағлубият ва уйда мухлисларимиз олдида ғалаба қозониш учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.

- Мураббий сифатида чемпионатда «Нефтчи»дан ташқари қайси жамоанинг ўйини сизга ёқяпти?

- Кўп жамоалар замонавий, сифатли футбол ўйнашга ҳаракат қиляпти. Баъзи жамоаларни таркибида маҳоратли футболчилар етишмаслиги мумкин. «Пахтакор» доим ёрқин ўйин намойиш қилади. «Насаф»нинг шаклланган ўйин услуби бор. Бундан ташқари, «Навбаҳор» ҳам сифатли футбол кўрсатишга ҳаракат қиляпти.

- «Нефтчи»дан жалб қилинган Алишер Одилов ва Иброҳимхалил Йўлдошев миллий жамоамизнинг АҚШга йўл олган таркибидан тушиб қолдилар. Бунга муносабатингиз қандай бўлди?

- «Нефтчи» мураббийи сифатида албатта ҳар бир футболчимизни миллий жамоага жалб қилинишини ва жаҳон чемпионатида иштирок этишини хоҳлайман. Лекин миллий жамоани ўз мураббийи бор ва ўзини қарашлари мавжуд. Масалан, унга ёққан футболчи бошқаларга ёқмаслиги мумкин ёки бошқаларга ёққани унга ёқмаслиги мумкин. Натижага бош мураббий жавоб беради. Бу ерда кўплаб тажрибали мутахассислар бор. Уларни қарорлари миллий жамоа, Ватан манфаати учун бўлади, деб умид қиламиз. Шунинг учун буни тўғри қабул қилдик. Лекин иккаласи ҳам жаҳон чемпионатига боришга муносиб эди.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Нефтчи Нефтчи
Бугунги янгиликлар