Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи Жозе Моуринио жамоада келажаги мавҳум бўлган футболчилар рўйхатини шакллантирди.
Журналист Марио Кортехананинг хабар беришича, португалиялик мутахассис чап қанот ҳимоячилари Ферлан Менди, Фран Гарсия ва Алваро Каррерасни ўз режаларига киритмаган. Бироқ Каррераснинг жамоада қолиш эҳтимоли юқорироқ экани айтилмоқда.
Шунингдек, Моуринио марказий ҳимоячи Раул Асенсиога ҳам ишонмаяпти. Футболчининг ўзи эса клубни тарк этишни истамаяпти.
Манбага кўра, яримҳимоячи Эдуардо Камавинга ҳам мураббийни тўлиқ ишонтира олмаган. Франциялик футболчи ҳам жамоани алмаштириш ниятида эмас.
Бундан ташқари, Орелен Чуамени трансфери ҳам истисно қилинмаяпти. Яримҳимоячига «Манчестер Юнайтед» жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Айни пайтда Федерико Валверде «Реал» учун дахлсиз футболчилардан бири бўлиб қолмоқда ва унинг трансфери кун тартибида йўқ.
Маълумот учун, Жозе Моуринио ушбу ёзда «Реал»даги янги лойиҳани шакллантириш устида ишламоқда. Клуб раҳбарияти таркибни янгилаш ва мураббийнинг талабларига мослаштириш учун трансфер бозорида фаол бўлиши кутилмоқда.