Дортмунднинг «Боруссия» клуби ва Германия миллий жамоаси ҳимоячиси Валдемар Антон «Манчестер Юнайтед»нинг трансфер мақсадларидан бирига айланди.
Stretford End нашрининг немис ОАВларига таяниб хабар беришича, манкунианликлар 29 ёшли футболчи учун 35 миллион фунт стерлинг, яъни қарийб 40,5 миллион евро таклиф қилишга тайёр.
Манбага кўра, трансфер «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Майкл Кэррик томонидан ҳам маъқулланган.
Антоннинг Дортмунд клуби билан амалдаги шартномаси яна икки йил амал қилади. «Боруссия» раҳбарияти эса футболчи билан янги битим тузишни истамоқда.
Марказий ҳимоячи сифатида ҳаракат қиладиган Антон зарурат туғилганда ўнг қанот ҳимоясида ҳам ўйнай олади.
Маълумот учун, Тransfermarkt портали Валдемар Антоннинг трансфер қийматини 18 миллион еврога баҳолаган. Германиялик футболчи ўтган мавсум «Боруссия»нинг ҳимоя чизиғидаги асосий футболчилардан бири бўлиб, миллий жамоа сафида ҳам мунтазам равишда майдонга тушиб келмоқда.