«Ливерпул» «ПСЖ» вингери Бредли Барколанинг трансфери бўйича дастлабки музокараларни ўтказди.
Журналист Бен Жейкобснинг хабарига кўра, ҳозирча клублар ўртасида расмий музокаралар бошланмаган, бироқ яқин кунларда бу жараён йўлга қўйилиши мумкин.
Қайд этилишича, трансфернинг амалга ошиши асосан нарх масаласига боғлиқ. «ПСЖ» 23 ёшли футболчи учун 170 миллион евро талаб қилмоқда, «Ливерпул» эса ушбу суммани камайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Манбага кўра, мерсисайдликлар Барколанинг Париж клубини тарк этиш истаги ва унинг амалдаги шартномаси яна икки йилга мўлжалланганини ҳам инобатга олмоқда.
«Ливерпул» раҳбарияти ҳисоблашича, агар трансфер ушбу ёзда амалга ошмаса ва футболчи янги шартнома имзоламаса, «ПСЖ» уни 2027 йилда анча арзонроқ нархда сотишга мажбур бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ инсайдер Фабрицио Романо Бредли Баркола «Ливерпул» лойиҳасини устувор вариант сифатида кўраётгани ҳақида хабар берганди.