«Реал» дарвозабони Тибо Куртуа «Барселона»га қарши бўлиб ўтадиган «Эл Класико» олдидан ўз кутилмалари билан ўртоқлашди.
Жамоалар Испания чемпионатининг 10-тури доирасида «Камп Ноу» стадионида тўқнаш келишади. «Барселона» ўтказилган 9 та баҳснинг барчасида ғалаба қозониб, турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. «Реал» эса 6 очко кам жамғарган.
«Менимча, биз тайёрмиз. Бу ҳар доим ўзига хос ўйин ҳисобланади. Авваллари «Эл Класико»да жамоалардан бири иккинчисидан яхшироқ формада бўлган пайтларда ҳам майдонга тушганман, аммо ўйин барибир тенг курашлар остида кечган. Бундай баҳсларда имкониятлар доимо 50 га 50 бўлади. «Реал» ҳеч қачон «Эл Класико»га аутсайдер мақомида бормаслиги керак.
Илгари бу ўйинларни телевизор орқали томоша қилардим. Ҳали «Атлетико»да ўйнаётган пайтимда, «Эл Класико» бўлиб ўтадиган дам олиш кунлари сафарга йўл олсак, бутун жамоа бўлиб ўйин натижасини тахмин қилардик. Ҳатто «Челси»да ўйнаган кезларимда ҳам телевизор орқали кўришни истайдиган учрашувлар айнан шундай баҳслар эди.
Бундай ўйинларни интиқлик билан кутасан, чунки улар ҳар доим ажойиб тарзда кечади. Сўнгги икки мавсумда бизда кўтарилишлардан кўра пасайишлар кўпроқ бўлди. Ёрқин лаҳзалар ҳам, унчалик омадли бўлмаган пайтлар ҳам кузатилди. Умид қиламанки, бу йил вазиятни ўзгартиришга эришамиз. Якшанба куни ғалаба қозонишимиз шарт.
Маълум бир даврда «Эл Класико»га юлдуз футболчилар етишмаётгандек туюларди. Ҳозир эса бизнинг сафимизда Мбаппе, Винисиус ва Беллингҳэм бор. «Барселона»да эса Рафиня ҳамда Ямал ўйнамоқда. Ламин — ажойиб футболчи, у майдонда жуда катта ишларни амалга оширмоқда.
«Эл Класико» ҳар доим кескин курашларга бой, принципиал рақобатдир. Сўнгги йилларда айрим учрашувларда улар бизга анча қийинчилик туғдиришди. Ҳозир биз учун бунга муносиб жавоб қайтариш муҳим.
«Барселона» айни пайтда жуда чиройли футбол намойиш этмоқда ва ажойиб формада. Бизнинг ҳам ўйинимиз тобора кучайиб бораётгани ва ҳозир энг яхши ҳолатга келганимиз яхши», — дея белгиялик посбоннинг сўзларини келтиради DAZN.
Куртуа: «Барса»ни ютишимиз керак. «Реал» класикога аутсайдер сифатида бормайди»
Футбол
21 октябр, 13:06
10
Мадрид клуби посбони бўлажак класико олдидан кутилмалари билан ўртоқлашди.
Foto: Getty Images
25.10.2026, 16:00
Испания Ла Лигаси
Барселона
-
:
-
Реал Мадрид
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади