Live
2
Ўзбек

«Нега айнан мен?» — Хвича оғир жароҳатдан сўнг фикрларини билдирди

Футбол
21 октябр, 12:43
«ПСЖ» вингери камида 6 ойга сафдан чиқди.
«Нега айнан мен?» — Хвича оғир жароҳатдан сўнг фикрларини билдирди
Foto: Getty Images

«ПСЖ» вингери Хвича Кварацхелия оғир жароҳат олганидан сўнг баёнот берди.

Футболчи Чемпионлар лигаси умумий босқичининг 3-туридан ўрин олган «Барселона»га қарши баҳснинг иккинчи бўлимида майдонни тарк этди. Беллашув 4:2 ҳисобида якунланганди. Бугун, 21 октябр куни Кварацхелия ўнг тиззасининг олдинги хочсимон боғлами узилгани маълум бўлди. У яқин кунларда жарроҳлик амалиётини ўтказади. Футболчи камида 6 ой майдонга туша олмайди.

«Кўпчилик мендан бу ҳақда сўраган, баъзилар ҳатто шундай фикр билдирган: агар дунёдаги барча футболчилар ибодат қилганида, ҳар бир ўйин дуранг билан якунланармиди? Балки, шундайдир. Аммо мен ҳар бир ўйиндан олдин майдонни соғ-саломат тарк этишни сўраб, Худога ибодат қилардим. Афсуски, бу сафар ибодатим ижобат бўлмади.

Жуда оз вақт ўтди, аммо хаёлимда биргина савол айланаверади: нега айнан мен? Бор кучимни ишга солдим. Назаримда, бу ўйинга ҳаётимдаги бошқа ҳар қандай воқеага қараганда яхшироқ тайёрланган эдим. Ҳар қандай вазиятга тайёрман, деб ўйлагандим, аммо бундай ҳолатга эмас.

Шунга қарамай, Худо мени айнан шу синов учун танлаганини тушунаман. Агар бу орқали майдондаги бошқа футболчиларни жароҳатдан асраб қолган бўлсам, олдиндаги ойларни оғир меҳнат, оғриқ ва кўз ёшлари билан бўлса-да, енгиб ўтишга тайёрман.

Доимо ёнимда бўлган яқинларим учун янада кучли бўлиб қайтишим кераклигини биламан. Сизларни умидсизлантирмасликка ваъда бераман. Бунинг учун бор кучимни сарфлайман.

Қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат! Тез орада кўришгунча!»
— деб ёзди грузиялик 25 ёшли вингер ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • ПСЖ ПСЖ
  • Лига 1 Франция Лига 1 Франция
Бугунги янгиликлар