Лондоннинг «Арсенал» клуби испаниялик дарвозабони Давид Райя ўз кучини Ла Лигада синаб кўриш ҳақидаги саволга жавоб берди.
«Албатта, мен ўзимни Ла Лигада синаб кўришни истардим. Ҳозир «Арсенал»да жуда бахтлиман, лекин бир кун келиб Испания чемпионатида ўйнашни орзу қиламан, у жуда рақобатбардош лига. Мен испанияликман ва Испанияда ўйнашни хоҳлайман», - деди Райя Marca нашрига берган интервюсида.
Шунингдек, Райя суҳбатлашган журналист дарвозабонга оқ футболка жуда ярашгани ҳақида ҳазил қилиб, Мадриднинг «Реал» клубига ўтишига ишора қилди. Бунга жавобан футболчи шунчаки кулиб қўйди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ оммавий ахборот воситаларида «Реал Мадрид» дарвозабон позициясини мустаҳкамлаш учун номзодларидан бири сифатида айнан Давид Райяга қизиқиб қолгани ва киперни кузатаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.