«Манчестер Юнайтед» яримҳимоячиси Бруну Фернандеш ёзги трансферлар ойнасида «Ювентус»га ўтмайди. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо хабар берди.
Манбага кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалган турли хабарларга қарамай, Турин клуби ҳозирча на футболчининг ўзи на «қизил иблислар» билан музокаралар олиб бормаяпти.
Ўз навбатида инглиз клуби раҳбарияти португалиялик 31 ёшли футболчини жамоанинг асосий етакчиларидан бири деб ҳисобламоқда. Клуб келгуси лойиҳани айнан Бруну атрофида қуришни режалаштирган ва у билан шартномани узайтириш масаласини ҳам муҳокама қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Фернандеш 2020 йилда Лиссабоннинг «Спортинг» клубидан 65 миллион евро эвазига «МЮ»га ўтган эди. Унинг амалдаги шартномаси 2027 йил 30 июнгача мўлжалланган.
Ўтган мавсумда у барча турнирларда 37 та учрашувда иштирок этиб, 9 та гол ва 22 та голли узатма муаллифи бўлди. Transfermarkt портали унинг бозор қийматини 35 миллион евро деб баҳоламоқда.