«Рома» ҳужумчиси Пауло Дибала Рим клуби билан янги шартнома имзолаш учун маошини кескин камайтирди. Бу ҳақда Football Italia хабар тарқатди.
Манбага кўра, аргентиналик 32 ёшли футболчининг Рим клуби билан янги битими 2027 йилнинг 30 июнига қадар амал қилади.
Инсайдер Жанлука Ди Марционинг маълум қилишича, Дибала энди бир мавсум учун 3 миллион евродан камроқ маош олади. Аввал эса унинг йиллик маоши 8 миллион еврони ташкил этарди.
Ўтган мавсумда Пауло «Рома» сафида барча турнирларда 27 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол урди ва 8 та голли узатмани амалга оширди.
Футболчи 2022 йилнинг ёзидан буён «бўрилар» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Transfermarkt маълумотларига кўра, футболчининг бозор қиймати ҳозирда 5 миллион еврога баҳоланмоқда.