«Барселона» полшалик ҳужумчи Роберт Левандовскини расмий сайтидаги «Афсоналар» бўлимига киритди.
Левандовски 2022 йил ёзида Мюнхеннинг «Бавария» клубидан «Барселона»га кўчиб ўтган. Испаниядаги дебют мавсумида Роберт Ла Лига чемпиони бўлди ва 23 та гол билан турнирнинг энг яхши тўпурарига айланди. Иккинчи мавсумда эса барча турнирларда 26 та гол урди.
Ҳужумчи учун энг сермаҳсул мавсум каталонияликлар сафидаги учинчи йили бўлди. Левандовски барча турнирларда 42 та гол урди ва «Барселона»га «олтин дубл», яъни чемпионат ва Испания кубогида ғалаба қозонишда ёрдам берди.
2025/2026 йилги мавсумда Левандовски кўпроқ ротация футболчиси сифатида майдонга тушди. Шунга қарамай, у 19 та гол уришга муваффақ бўлди.
Умуман олганда, Левандовски «Барселона» сафида барча турнирларда 120 та гол урди ва каталонияликлар клуби тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида 13-ўринни эгаллади. Айни пайтда полшалик форвард MLSда «Чикаго Файр» шарафини ҳимоя қилмоқда.