Суперлига 20-турида «Сўғдиёна» ўз майдонида «Машъал»ни 5:2 ҳисобида мағлуб этди. Баҳсдан сўнг жамоа бош мураббийи Улуғбек Бақоев матбуот анжуманида иштирок этди.
«Биз бугунги баҳс стратегик жиҳатдан жуда муҳим эканини билардик. Йигитларни фақат ғалабага тайёрлаган эдик. Тезкор гол урдик, кейин эса тахминан 20 дақиқа давомида «Машъал» ўйинга тўлиқ киришиб, агрессив ҳаракат қилди ва кўплаб хавфли вазиятлар яратди. Назаримда, улар 3–4 та гол ҳам уриши мумкин эди. Бироқ ҳимояда йигитлар вазифасини уддалади, дарвозабон ҳам ажойиб ўйнади. Умуман олганда, бугунги ғалабага тўла лойиқ эдик», — деди Бақоев.
Мутахассис йирик ҳисоб қайд этилишини олдиндан башорат қилиш қийин эканини таъкидлади.
«Бундай ўйинни ҳеч қачон олдиндан башорат қила олмайсиз. Футбол олдиндан айтиб бўлмайдиган ўйин. Шу боис яратилган вазиятларнинг аксариятидан унумли фойдаланганимиз ҳам ҳужумда, ҳам ҳимояда ўйинимизни анча енгиллаштирди», — дея қўшимча қилди Бақоев.