Бугун
28
Ўзбек

Баҳодир Насимов: «Фаолиятимни тугатгач, аста-секин мураббийлик йўлидан бораман»

Эксклюзив
9 июл, 08:21
Tribuna.uz мухбири 39 ёшли форвард билан суҳбатлашди.
Баҳодир Насимов: «Фаолиятимни тугатгач, аста-секин мураббийлик йўлидан бораман»
Фото: Динамо ПФК

Ўзбекистон чемпионатида тўп тепаётган тажрибали ва шу билан бирга «фахрий» ўйинчига айланиб бораётган Баҳодир Насимов 39 ёшида ҳам ўзи учун қадрдон – «Динамо»да фаолият олиб боряпти. Яқинда у Ўзбекистон миллий жамоамизнинг ўйинларини стадионда томоша қилиб қайтди. Ҳозир эса «Динамо» сафида Иссиқкўлдаги йиғинда қатнашяпти.

- «Динамо» билан Иссиқкўлдаги йиғинда қатнашяпсиз. Тайёргарлик қандай олиб бориляпти?

- Тўғри айтасиз, биз Иссиқкўлдаги йиғиндамиз. Тайёргарлик яхши олиб бориляпти. Эрталаб ва кечки пайт икки маҳалдан шуғулланяпмиз. Кўпроқ жисмоний тайёргарлик устида ишлаяпмиз.

- Нима деб ўйлайсиз, бу мавсум фаолиятингиздаги сўнггисими?

- Балки, сўнгги ҳам бўлиши мумкин. Кўрамиз.

- Жамоанинг мақсади жиддий эди, бироқ 11 турдан кейин клуб ўзига ярашмаган ўринда. Бунга молиявий муаммо сабабми ёки бошқа сабаби ҳам борми?

- Тўғри таъкидладингиз, жамоанинг мақсади жиддий эди. Ўтган йили бир қатор футболчиларимиз кетди. Футбол шунақа-да, бир-икки йил бир-бирини тушуниб ҳаракат қилса, ўйин кетаверади. 12-13 та янги ўйинчи олсангиз, уларнинг бир-бирини тушуниб ўйнагунича вақт керак бўлади. Менимча, шу ҳолат жамоа натижасига ҳам таъсир қилди, деб ўйлайман. Худо хоҳласа, мавсумнинг иккинчи ярмида ўз ўйинимизни топиб, яхши натижалар кўрсатамиз, деган умиддаман. Натижаларда молиявий ҳолатни сабаб қилиб кўрсатмайман. Чунки ҳеч қайси футболчини клубларда пулиб қолиб кетмаган. Барибир ҳамма пулини олади, деб ўйлайман. Яхши ўйнаб, натижаларни ҳам яхшиласак, барча тарафлама вазият ижобий бўлади, деган умиддаман.

- Бутсаларингизни михга илганингиздан кейин ўзингизни мураббий ролида синаб кўрмоқчимисиз?

- Кўрамиз. Бу борада ҳам ниятим бор. Фаолиятимни тугатгач, аста-cекин мураббийлик йўлидан борамиз.

- Яқинда АҚШдан қайтдингиз. Миллий жамоамиз ўйинларини бевосита стадиондан кузатдингиз. Нималарни айта оласиз?

- Миллий жамоамиз ўйинларини кўрдик. Жумладан Нидерландияга қарши ўртоқлик учрашувини ҳам кузатдик. Яхши ўйнади. Жаҳон чемпионатини Колумбияга қарши ўйин билан бошлади. Дебют баҳсида ҳам яхши ҳаракат қилишди. Португалия ва Конгога қарши ўйинларни ҳам томоша қилдим. Футбол шунақа ўйинки, 3-4 киши билан натижа қилиш қийин-да. Барибир савия бор-да. Ростини айтганда, улар тўп билан гаплашади, экан-да! Тўпни назорат қилишяпти, худдики, тўп уларга қулоқ соляпти. Бу ёққа кел деса бу ёққа боради. Йигитларимиз ҳам ёмон ўйнашмади. Айтганимдек, савия ҳам бор. Бизда 3-4 та футболчи яхши, кучли клубларда ўйнаса, рақибларда 13-14 нафар ўйинчилар топ клубларда тўп тепишади. Шунга қарамай, футболчиларимиз меҳнат қилишди. Айтганимдек, Колумбияга қарши яхши ўйнашди. Португалияга қарши учрашувда билмадим, балки йигитлар ўзларини йўқотиб қўйишдими? Конгога қарши бир тайм зўр ўйнадилар. Кейин 60-дақиқадан кейин жисмоний кучи етмай қолдими, билмадиму, ўйинни “ташлаб” қўйишди. Кейин рақиб голлар урди.

- Мундиалдаги дебют иштирок учун миллий жамоамиз кўпроғига лойиқмиди?

- Миллий жамоамиз кўпроғига лойиқ эди, деб ўйлайман. Колумбияга қарши баҳсни стадионда томоша қилдик, йигитлар яхши ҳаракат қилишганди. Ўз хатоларимиз эвазига ютқаздик. Ўшанда дуранг бўлади, деб ўйлагандим. Конгога қарши айтиб ўтганимдек, 60 дақиқа зўр ҳаракат қилишди. Ҳаммамиз ютади, деб ўйлагандик. 90 дақиқа шундай ўйнашганида Конго термасини ютардик. 60-дақиқадан кейин кўп футболчиларимиз чарчаб қолишди. Конго эса аксинча ўша дақиқадан сўнг яхши ўйнашни бошлади.

- Жамоадошингиз Жаҳонгир Ўрозовга Европа клубларидан чорловлар бўляпти. Унга қандай маслаҳат берасиз?

- Тўғри, Жаҳонгир Ўрозовга кўп клублар қизиқиш билдиришмоқда. Ўзига қайси клуб қулай, қайси жамоада ўйнаб кета олади, ҳар қандай ҳолатда ҳам биз уни қайси жамоага ўтса ҳам хурсанд бўламиз. Ҳаммаси бирданига бўлмайди. 1-ўриндаги эмас, 7 ёки 8-поғонадаги клубга ўтиб, аста-секин ўйнаб кетса зўр бўлиб кетади. Энг асосийси, ўйнаши керак. Унга кўп клублар қизиқяпти. Лекин у ерга бориб ўйин амалиётисиз қолиб кетса ҳам бўлмайди. Вариантлардан ўзи учун энг яхшисини танлайди. Агенти бор, маслаҳат берса керак. Қайси клубда бўлмасин ўзини кўрсатиб, яхши даражага чиқишига умидимиз катта.

- Ким мундиалда чемпион бўлади, деб ўйлайсиз?

- Ўйлайманки, иккита жамоани айта оламан. Ё Франция ё Аргентина. Улардан бири чемпион бўлади, деб ўйлайман.

- Ёзги йиғиндан кейин «Динамо» клуби қанчалик ўзгаради?

- «Нагрузка» яхши бўляпти. Ўз ўйинимизни топиб оламиз, деб умид қиламан. 4-5 та янги футболчилар ҳам келяпти. Яхши натижаларга эришишга ҳаракат қиламиз. Ростини айтганда, ўтган йили озгина омад етишмади. Акс ҳолда кучли учликка кирсак ҳам бўларди. Бу йил эса унчалик яхши бўлмаяпти. Лекин ҳаммаси олдинда. Жамоа ўз ўйинини топиб, ижобий натижаларга эришишга интиламиз.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Динамо Динамо
Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

15+ изоҳ
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар