«Лейпциг» вингери Антонио Нуса фаолиятини «Арсенал»да давом эттиришни истамоқда. Бу ҳақда Football Insider хабар бермоқда.
Манба маълумотларига кўра, «тўпчилар» норвегиялик 21 ёшли футболчини қишки трансфер ойнасидаги асосий мақсадларидан бири сифатида кўриб чиқмоқда. Жамоа бош мураббийи Микел Артета ҳужумнинг чап қанотини кучайтиришни режалаштирган.
Нусанинг ўзи ҳам Лондонга кўчиб ўтишга қизиқиш билдирмоқда. Бироқ трансфер январ ойида амалга ошиши учун «Лейпциг» футболчи учун белгилаган нархни пасайтиришига тўғри келади. Ҳозирда Германия клуби Антонионинг трансфер қийматини тахминан 71,7 миллион евро деб баҳоламоқда.
Нуса бу мавсумда барча турнирлар доирасида 16 та учрашувда иштирок этиб, 7 та гол урди ва 8 та голли узатмани амалга оширди.