«Ливерпул» дарвозабони Алиссон Бекер клуб сафида 350 та баҳс ўтказиш арафасида. Унинг юбилей ўйини якшанба куни «Эвертон»га қарши Мерсисайд дербисига тўғри келиши мумкин.
«Бу мен учун жуда катта аҳамиятга эга. Бундай кўрсаткичлар фахрланишга арзийди, чунки биз ушбу клуб рамзи ва умумий мақсадларимиз йўлида астойдил меҳнат қиламиз.
Буюк клубнинг буюк футболчилари қаторидан жой олиш мен учун улкан қувонч ва шараф. Умид қиламанки, шу руҳда давом эта оламан», — дея 34 ёшли дарвозабоннинг сўзларини «Ливерпул» расмий сайти келтирмоқда.
Маълумот учун, Алиссон «Ливерпул» сафида 350 та баҳс ўтказган тарихдаги 50-футболчига айланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, «Эвертон» — «Ливерпул» дербиси 29 ноябр куни Тошкент вақти билан соат 17:00 да бошланади.