Футбол инсайдери Фабрисио Романо Винисиус Жуниорнинг «Реал»дан «ПСЖ»га ўтиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни рад этди. Аввалроқ парижликлар Хвича Кварацхелия ва Дезире Дуе жароҳат олгани сабабли бразилиялик футболчига қизиқиш билдираётгани ҳақида маълумотлар тарқалганди.
Романонинг айтишича, «ПСЖ» ва Винисиус ўртасида ҳеч қандай алоқа бўлмаган. Бунинг икки сабаби бор: футболчининг ўзи «Реал»ни тарк этишни истамаяпти, парижликлар эса таркибга Винисиус даражасидаги юлдузни эмас, келажак учун ёш иқтидорни қўшиб олишни мақсад қилган.
«ПСЖ» бошқа турдаги футболчини изламоқда. Клуб Дуе ва Кварацхелия сафга қайтганидан кейин таркибда юлдузлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши билан боғлиқ муаммолардан қочмоқчи. «Реал»да эса Винисиус тез орада энг яхши спорт формасига қайтишига ишонишмоқда. Унинг сўнгги ҳафталардаги муносабати ва меҳнатидан мамнунлар», — деди Романо DAZN саҳифасида эълон қилинган видеода.
Инсайдернинг таъкидлашича, Винисиус январь ойида «Реал»ни тарк этмайди. У яқинда бразилиялик футболчи билан шартномани узайтирганини ҳам эслатди. Шунингдек, Жозе Моуринио ҳам Винисиусни қўллаб-қувватламоқда ва унга тўлиқ ишонч билдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Винисиус сўнгги баҳсида «Реал» сафида гол урди. Бундан аввал эса Бразилия миллий жамоаси таркибида бешта гол муаллифига айланганди.