«Ливерпул»нинг собиқ яримҳимоячиси ва сардори Стивен Жеррард «Реал» ҳимоячиси Трент Александер-Арнолдни Мерсисайд клубига қайтариш имконияти ҳақида фикр билдирди.
«Иқтидор ва маҳорат нуқтаи назаридан, унинг эришган ютуқларини ҳисобга олсак, ҳа, деб жавоб берган бўлардим. Шахсан мен уни қайтариб олардим, буни инкор қилмайман. Аммо унинг клубдаги аввалги фаолияти якунланган тарзда бироз аламли бўлиб қолган.
Бироқ бу айнан ҳозирги жамоа, мураббий ва «Ливерпул»нинг вазияти учун тўғри қадам бўладими? Бунга ишончим комил эмас. У жамоа таркибини кучайтирадими? Иқтидор ва маҳорат жиҳатидан — албатта, 100 фоиз. Шунчаки, айни пайтда бу жамоа учун тўғри қарор эканига амин эмасман», — дея Жеррарднинг сўзларини Anfield Adition Х ижтимоий тармоғида келтирди.
Маълумот учун, Трент Александер-Арнолд 2016–2025 йиллар давомида «Ливерпул» сафида тўп тепган. Кейинчалик у «Реал»га ўтган.
Эслатиб ўтамиз, англиялик ҳимоячи «Ливерпул» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади ва Мерсисайд клуби билан бир қатор совринларни қўлга киритган.