Live
3
Ўзбек

«Андорра» дарвозабони Де Мигелнинг вафотидан қаттиқ изтиробда

Футбол
3 ноябр, 06:45
Хесус Овоно футболчининг ҳолатини кузатиб борган, унга нисбатан ҳақоратлар ва босимлар эса кучайган.
«Андорра» дарвозабони Де Мигелнинг вафотидан қаттиқ изтиробда
Foto: Getty Images

«Андорра» дарвозабони Хесус Овоно «Тенерифе» ҳужумчиси Хесус Де Мигелнинг вафотидан қаттиқ қайғуга тушган. Бу ҳақда Sport.es нашри хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, Испания Сегундасининг 12-тури доирасидаги «Тенерифе» — «Андорра» баҳсининг сўнгги дақиқаларида Овоно рақиб ҳужумчиси билан тўқнашиб кетган. Кўкрак қисмига зарба текканидан сўнг 30 ёшли Де Мигелнинг юраги тўхтаб қолган. У 3 ноябр куни шифохонада вафот этди.

Манбага кўра, Овоно воқеадан кейин Де Мигелнинг аҳволини диққат билан кузатиб борган. «Андорра» кийиниш хонасида ҳам дастлабки дақиқаларданоқ жиддий хавотир ҳукм сурган. Клуб дарвозабоннинг рақибга атайлаб зарар етказиш нияти бўлмаганини таъкидлаган, бироқ воқеа жуда аянчли якунланганини тан олган.

Фожиали ҳодисадан кейин Овоно кучли босимга ҳам дуч келган. Унинг манзилига «қотил» деган ҳақоратлар янграган. Кейинчалик келиб тушган хабарлар сабаб дарвозабон ижтимоий тармоқдаги аккаунтини ҳам ўчириб ташлашга мажбур бўлган.

Шунга қарамай, у «Андорра» вакиллари ва тиббиёт штаби орқали Де Мигелнинг аҳволидан хабардор бўлиб турган. Овоно футболчининг оиласи ва яқинлари билан боғланишни ҳам режалаштирган, бироқ бу суҳбатни оммавий баёнотлардан олдин, шахсий тарзда ўтказишни истаган.

Маълумот учун, «Тенерифе» ва «Андорра» ўртасидаги баҳс 2:2 ҳисобида якунланган. Овоно ушбу ўйиннинг 90+7-дақиқасида майдондан четлатилган.

Эслатиб ўтамиз, 30 ёшли Хесус Де Мигел 2025 йил ёзидан буён «Тенерифе» сафида тўп тепиб келаётганди. У жамоа таркибида 36 та баҳсда 11 та гол ва 7 та голли узатмага муаллифлик қилган.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Tenerife Tenerife
  • FC Andorra FC Andorra
  • Сегунда Лига Испания Сегунда Лига Испания
Бугунги янгиликлар