Live
8
Ўзбек

Жамшид Саидов: «Майдондаги футболчиларни айблашга ҳаққим йўқ»

Эксклюзив
7 ноябр, 13:35
Саидов матбуот анжуманида иштирок этди.
Жамшид Саидов: «Майдондаги футболчиларни айблашга ҳаққим йўқ»
Фото: Қизилқум ПФК
07.11.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Кизилкум Кизилкум 0 : 1 Навбаҳор Навбаҳор

«Қизилқум» клуби 27-турда ўз майдонида «Навбаҳор»га 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Ўйиндан кейин мезбонлар устози Жамшид Саидов матбуот анжуманида иштирок этди.

– Жамшид ака, бугунги ўйин ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Бугун ўйиннинг икки бўлими бир-биридан анча фарқ қилди. Биринчи бўлимда режамиз асосан қарши ҳужумлар уюштиришдан иборат эди. Афсуски, айрим вазиятларда сўнгги узатмани амалга ошириш етишмади. Бугун футболчиларимизнинг ҳаракатидан мамнунман. Улар бор кучлари билан ҳаракат қилишди. Кўзларида ғалабага бўлган иштиёқ кўриниб турди. Бунинг учун уларга катта раҳмат айтмоқчиман.

Афсуски, битта гол ўтказиб юбордик. Бугун мухлисларимизни хурсанд қила олмадик. Кейинги учрашувга янада яхшироқ тайёргарлик кўриб, ижобий натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз.

– Ўйин давомида дарвозабондан тўпни узоққа тепиш орқали ҳужум бошлашга ҳаракат қилдингиз. Бироқ бундай узатмалардан кейин тўп учун курашда кўп ҳолларда рақиб устун келди. Иккинчи бўлимда эса паслар орқали ҳужумга чиқишга кўпроқ эътибор қаратдингиз. Бу тактик ўзгаришнинг сабаби нимада?

– Биз тўпни паслар орқали ҳимоя зонасидан ҳужум зонасига олиб чиқишга ҳаракат қилдик. Афсуски, айрим вазиятларда буни амалга ошира олмадик, тўп йўқотдик.
Биринчи бўлимда ҳаводаги тўплар учун курашда ҳам, қайтган тўпларни эгаллашда ҳам рақибга ютқаздик. Улар анча юқори чизиқда ҳаракат қилишди ва шу сабабли узатмалари ҳам манзилга етиб борди.

Мен ҳимоячиларимизга қисқа ва ўрта масофага узатмалар орқали ўйинни бошлашни, узоқ паслардан камроқ фойдаланишни айтдим. Чунки рақиб таркибида бўйи баланд футболчилар борлигини билардик. Ҳаводаги курашларнинг деярли барчасида ютқаздик, иккинчи қаватдаги тўпларни ҳам улар эгаллашди.

Иккинчи бўлимда эса паслар орқали тўпни назорат қилишни бошладик ва шу йўл билан ҳужумга чиқишга ҳаракат қилдик. Қисқа ва ўрта масофага узатмалардан фойдаланиб, ҳужумларни ташкил этишга уриндик. Узоқ пасларни камайтиришни футболчилардан сўрадим.

– Мен бу гапларни танқид сифатида айтмаяпман, шунчаки ўйиндаги ҳолатни тушуниш учун сўраяпман.
– Мен ҳам танқид қилиш керак, демаяпман. Танқид масаласини ўзим ҳал қиламан. Бизнинг ўз таҳлилимиз, назариямиз бор. Ҳозир ҳам бу ҳақда гапиришим мумкин.

Нима учун доимо вазиятга салбий қарайсиз? Сиз футболга нотўғри нуқтаи назардан қараяпсиз. Бизнинг фикримиз бошқача. Саволларни ҳам баъзан нотўғри қўяпсиз.
Футболчилар ҳаракат қилишди. Жамоамиз имконияти даражасида борини берди. Биздан юқори савиядаги жамоалар ҳам борлиги кўриниб турибди. Энди мен ҳозир ўз футболчиларимни қандай айблай оламан?

Мен учун футболчиларим ҳар доим энг яхшиси бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Ҳатто мағлуб бўлган тақдиримизда ҳам, футболчиларни айбламайман. Жамоа ютқазган бўлса, демак, мен ютқаздим. Чунки мураббий сифатида ниманидир нотўғри қилган бўлишим мумкин.

Албатта, баъзида футболчилар билан хатоларни муҳокама қиламиз, техник хатоларни кўрсатамиз. Лекин ҳозир бу нарсаларни муҳокама қилишдан нима фойда?

– Бугун Жавоҳирнинг йўқлиги жамоа ўйинига таъсир қилди. Унинг катта ўйинларда, кучли рақибларга қарши баҳслардаги аҳамияти яна бир бор сезилди. Унинг майдонда бўлмагани қанчалик билинди?

– Ҳа, албатта, унинг йўқлиги сезилди. Бугун Жавоҳир ўйнай олмади. У ҳақиқатан ҳам ўз позициясида жамоанинг етакчиларидан бири. У шунчаки жамоа сардори эмас, балки майдонда кўп жиҳатдан жамоага ёрдам берадиган футболчи.
Афсуски, дисквалификация сабабли у бугун бизга ёрдам бера олмади. Бундан ташқари, жароҳат олган футболчиларимиз ҳам бор. Бу ҳам биз учун катта йўқотиш бўлди.

– Дарвозабон Фарҳод Раҳматов ҳақида сўрамоқчи эдим. Бу мавсумда статистик кўрсаткичлари бўйича энг яхши дарвозабонлардан бири бўлиб келмоқда. Аммо бугун яқин бурчакдан йўл қўйилган голда унинг хатоси ҳам бордек кўринди. Умуман, дарвозабонлар масаласи ҳақида ўйлаяпсизми ёки Фарҳод ўзини етарлича исботлаганми?

– Ҳамма хато қилади, ҳар бир футболчи адашиши мумкин. Бу голни ҳам дарвозабоннинг хатоси деб айтиш қийин. Зарба футболчилар орасидан берилди, Фарҳод тўпни кўрмаган бўлиши мумкин. Чунки рақиб футболчиси унинг кўриш чизиғини тўсиб турганди, тўп устун ёнидан ўтди.

Бундай ҳолатлар дарвозабонларда ҳам учраб туради. Ҳужумчилар ҳам голли вазиятлардан фойдалана олмайди. Футболнинг ўзи шундай: ким кўпроқ хато қилса, ўша мағлуб бўлади. Бу ерда ҳеч қандай муаммо йўқ.

Фарҳод Раҳматов сўнгги учрашувларда яхши ҳаракат қилди, сейвлар амалга оширди, дарвозада ишончли турди. Лекин бундай вазиятлар ҳам футболнинг бир қисми.

– Ҳар бир мураббий ва футболчи майдонга ғалаба қозониш учун тушади. Аммо рақибнинг имкониятлари ва жамоалар ўртасидаги савия фарқи ҳам бор. Бугун «Навбаҳор» билан ўйинда ҳам шу жиҳатлар сезилдими?

– Биз ҳар доим ғалаба қозониш учун майдонга тушамиз. Ҳар қандай мураббий ва футболчи ютишни хоҳлайди. Бу табиий ҳолат. Бироқ футболчиларнинг савияси ҳам борлигини унутмаслик керак. «Навбаҳор» ҳам бекорга юқори ўринларда юргани йўқ. Уларнинг таркибида ўйин тақдирини ҳал қила оладиган маҳоратли футболчилар бор.

Бизнинг таркибда ҳам йўқотишлар бор эди. Уларнинг йўқлиги ҳам таъсир кўрсатди. Шундай бўлса-да, бошқа футболчиларга ҳам имконият бердик. Ўйлайманки, бугун биз катта футболни кўрсата олмадик, асосан қарши ҳужумлар орқали ўйнашга ҳаракат қилдик. Бу режамиз айрим жиҳатларда амалга ошди.

Кейинги учрашувларга ҳам бугунгидек тайёргарлик кўрамиз. Чемпионат ҳали тугамади. ОКМК, «Пахтакор» ва «Бунёдкор»га қарши учта учрашувимиз қолган. Уларнинг ҳар бирига максимал даражада тайёргарлик кўрамиз.

Кўриб турибсиз, барча жамоалар охиригача курашмоқда. Ҳатто имкониятлари камайган жамоалар ҳам охиригача ҳаракат қилишяпти. «Машъал» ҳам шундай ўйнаяпти. Бу футбол. Ҳар бир жамоа ўз имконияти учун курашади.
Бугун рақибда кўплаб хавфли вазиятлар бўлмади. Улар бир-икки марта дарвозамизга зарба беришди, бир вазиятда тўп тўсинга тегди. Умуман олганда, жиддий вазиятлар кўп бўлмади. Лекин биз хатога йўл қўйдик, рақибга зарба бериш имконини яратдик ва гол ўтказиб юбордик.

Мен доимо айтаман: майдонда футболчилар ҳаракат қилади, биз эса четдан туриб кузатамиз. Ташқаридан туриб гапириш осон. Аммо майдонга тушиб, 90 дақиқа давомида ҳаракат қилишнинг ўзи бошқа масала. Шунинг учун футболчиларимни тушунаман. Улар қўлларидан келган барча ишни қилишди.

Ҳозир уларни айбдор қилишни истамайман. Жамоа мағлуб бўлдими, демак, мураббий сифатида мен ниманидир нотўғри қилдим. Балки тайёргарликда, балки таркиб танлашда хатога йўл қўйгандирман. Бу ерда кўплаб омиллар бор.
Агар ҳамма нарсани олдиндан билганимда, балки бу ерда ишламаётган бўлардим. Футболда майдонда миллионлаб ҳаракатлар содир бўлади. Уларнинг ҳар бирини олдиндан билиш ёки тахмин қилиш имконсиз. Бу футболчиларнинг маҳоратига ҳам боғлиқ. Футболчиларимга яна бир бор раҳмат айтаман. Улар бор кучини сарфлашди. Кейинги ўйинга ҳам худди шундай тайёргарлик кўрамиз», - дея Саидовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Кизилкум Кизилкум
  • Навбаҳор Навбаҳор
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар