«Навбаҳор» клуби Навоийда «Қизилқум»га қарши беллашувда ягона гол эвазига муҳим ғалабани қўлга киритди.
Ўйиндан кейин наманганликлар устози Темур Кападзе матбуот анжуманида иштирок этди.
– Темур ака, ўйин ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Ассалому алайкум. Аввало, бутун жамоамизни ғалаба билан табриклайман. Стадионга келган мухлисларга ҳам раҳмат айтаман. Ўйлайманки, яхши ўйин бўлди. Энг муҳими, ғалаба қозондик. Учрашувга жиддий тайёргарлик кўрдик, «Қизилқум»ни ўргандик. Уларнинг яхши жамоа эканини билардик. Шунга яраша тайёргарлик кўрдик ва ўйин учун тузган режамиз яхши ишлади, деб ўйлайман.
Албатта, кўпроқ гол урганимизда янада яхши бўларди. Лекин энг муҳими, ўйин тизими ҳам, унинг кечиши ҳам бизнинг назоратимизда бўлди. Уч очкони қўлга киритдик. Шунинг учун бутун жамоамизни, ёш футболчиларимизни ҳам табриклайман. Улар ҳам яхши ўйин кўрсатишди. «Қизилқум»га кейинги учрашувларда омад тилайман.
– Ўтган матбуот анжуманида Миржалол Қосимовга Кубок ярим финалига доир савол берган эдик. У «Яхши ният, финалда биз ютиб чиқамиз», деган эди. Сиз ҳам Кубок ярим финали олдидан қандайдир яхши ният билдирсангиз.
– Албатта, яхши ниятимиз — Кубокни қўлга киритиш. Насиб қилса, совринни ютишни истаймиз. Ҳар бир жамоанинг умиди бор. ОКМКда ҳам, «Андижон»да ҳам, «Навбаҳор»да ҳам имконият бор. Шунинг учун олдиндан бирор нарса дейиш қийин. Лекин биз ҳам шундай яхши ниятдамиз.
Ҳозирча ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳар бир ўйинга жиддий ёндашяпмиз ва пухта тайёргарлик кўряпмиз. ФИФА кунлари сабабли бироз танаффус бўлади. Ундан кейин эса аввал «Навбаҳор», сўнг ОКМКга қарши учрашувлар кутиб турибди. Насиб қилса, яхши тайёргарлик кўриб, мақсадимиз йўлида ҳаракат қиламиз.
– Ўзбекистон ва Россия миллий жамоалари ўртасидаги ўйин ҳам қизиқиш уйғотмоқда. Назаримда, бу жамоалар анчадан бери ўзаро тўқнаш келмаган. Шу жиҳатдан ҳам учрашув қизиқ бўлади.
– Ҳа, ёшлар даражасида ўзаро ўйнаган бўлишимиз мумкин. Ўйлайманки, яхши учрашув бўлади. Албатта, натижа муҳим, лекин ўз майдонимизда ўйнаймиз. Икки жамоани таққослаш, уларнинг даражасини кўриш имконияти бўлади.
Россия миллий жамоаси ҳам яхши савияга эга. Уларнинг халқаро мусобақаларда иштирок эта олмаётгани футболчиларнинг кайфиятига таъсир қилиши мумкин. Умуман олганда, бу учрашувда ўзига хос принципиаллик бор. Кўпчилик жамоаларни таққослайди, ўйинни кузатади.
Энг муҳими, жамоани яхши тайёрлайдиган мураббий бор. Футболчиларимиз соғ-саломат бўлишсин. Ўз майдонимизда ўйнаймиз, шунинг учун яхши ҳаракат қилиб, Россияни мағлуб этишимиз керак.
– Бугун 1:0 ҳисобида ғалаба қозондингиз. Рақиб кутилганидан кўра кучлироқ қаршилик кўрсатдими ёки футболчилар ҳаракати сиз кутгандек бўлмадими? Чунки учрашув бошида айрим футболчиларнинг хатоларига норозилигингизни билдириб турганингиз кўринди.
– Йўқ, «Қизилқум» яхши ҳимояланади. Ҳар бир футболчисининг тайёргарлиги яхши экани кўриниб турибди. Бундай жамоанинг ҳимоясини ёриб ўтиш, албатта, ўзига яраша қийинчилик туғдиради. Айниқса, биринчи бўлимда буни ҳис қилдик.
Иккинчи бўлимда бироз бўшлиқлар пайдо бўлди. 1:0 ҳисобидан кейин ўйин очилди. Аммо унгача «Қизилқум» яхши ҳимояланди. Ҳар бир футболчининг ўйинга бўлган кайфияти юқори экани кўриниб турди.
Мен футболчиларга шунчаки ҳужумни қандай тўғри ташкил этиш, қандай қилиб рақиб ҳимоясини ёриш мумкинлигини кўрсатдим. Чунки бу осон эмас. Баъзи вазиятларда бўш ҳудудларда кўпроқ очилиш ёки бошқача ҳаракатланишимиз мумкин эди. Рақиб беш нафар ҳимоячи билан ўйнагани учун биринчи бўлимда бироз қийинчилик бўлди, имкониятлар ҳам кўп бўлмади.
Лекин ўйин тизими ҳам, назорат ҳам, умуман, ҳамма нарса бизнинг қўлимизда эди. Гол урдик, ҳисобни йириклаштиришимиз ҳам мумкин эди. Аммо биз учун энг муҳими уч очко эди. «Қизилқум»га деярли имконият қолдирмасдан, уч очкони қўлга киритдик.
– Абдурауф Бўриевнинг номи яна «Навбаҳор» билан боғланмоқда. Бу ҳозирча миш-мишми ёки уни жамоага олиб келиш бўйича ҳаракатлар олиб бориляптими? Келишувга яқинлашяпсизларми?
– Ҳозирча бу ҳақда бирор нарса дейиш қийин. У «Пахтакор» футболчиси. Албатта, шартномаси тугаётганини биламиз. Бўриев менинг қўлимдан чиққан футболчи, шунинг учун у билан алоқамиз яхши. Лекин уни жамоага олиб келиш ёки бошқа масалалар ҳали муҳокама қилингани йўқ. Вақт кўрсатади.
– Сизнинг иштирокингиздаги матбуот анжуманларида миллий жамоа ҳақида ҳам саволлар бериб турилади. Сўнгги пайтларда Фабио Каннаваронинг истеъфоси яқинлашаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалмоқда. Бу ҳақда эшитдингизми?
– Йўқ, унинг истеъфоси ҳақида эшитмадим.
– Шартнома узайтирилганидан кейин ҳам кийиниш хонасидаги муҳит, компенсация масалалари ҳақида турли гаплар тарқалди. Бу хабарларга қандай қарайсиз?
– Биз ҳам бу хабарларни матбуотда ўқидик. Албатта, уларнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлигини билмаймиз. Ассоциация эса бу хабарларни рад этди. Амалдаги шартнома борлигини, у кейинги Осиё чемпионатигача амал қилишини маълум қилди.
Бу масала, албатта, федерация ваколатида. Шартнома узайтириладими, мураббий қоладими ёки унинг ўзида бошқа хоҳиш борми — буни билмаймиз. Турли гап-сўзлар юрибди, биз ҳам ўқияпмиз. Бундан аввал ҳам Чикагода агентлар билан учрашуви бўлгани ҳақида хабарлар чиққанди.
Бу ҳаёт, балки унга бошқа жойлардан яхшироқ таклифлар бўлаётгандир. Бу, албатта, федерацияга ва мураббийнинг ўзига боғлиқ масала. Бизнинг хоҳишимизга қолса, албатта, ишлашда давом этсин. Ким бўлишидан қатъи назар, миллий жамоага фойда келтириши муҳим. Биз миллий жамоамизнинг юқори ўринларни эгаллашини истаймиз. Менимча, Каннаваро ҳам ёмон мураббий эмас, яхши ишлашга ҳаракат қиляпти.
– Агар миллий жамоадан таклиф бўлса, уни рад этиш қийин бўлса керак. «Навбаҳор»да ҳали якунланмаган ишларим, вазифаларим бор», деб жавоб берасизми ёки таклиф тушганидан кейингина бир қарорга келасизми?
– Бу — Ватан жамоаси. Биз ҳеч қачон Ватан жамоасидан юз ўгира олмаймиз. Турли вазиятлар бўлиши мумкин, лекин бундай қилишга ҳаққимиз йўқ.
Бу — Ватан жамоаси. Шунинг учун ҳар биримиз, ўйлайманки, сиз ҳам, мен ҳам, бошқалар ҳам ҳар доим унга хизмат қилишга тайёр туришимиз керак. Агар миллий жамоага бизнинг ёрдамимиз керак бўлса, албатта, доимо тайёр бўлишимиз лозим.
Ҳар биримиз бунга муносиб бўлишимиз керак. Бу масалани мухлислар ва раҳбарият ҳал қилади. Аммо ўйлайманки, бундай таклифни ҳар биримиз фахр билан қабул қилишимиз мумкин.
– Темур ака, «Навбаҳор»га келганингиздан кейин мавсум ҳам якунига яқинлашмоқда. Кейинги мавсум учун режалар борми? Аввалги матбуот анжуманларида ҳозирча Кубокни ютишдан бошқа аниқ вазифа қўйилмаганини айтган эдингиз. Лекин келаси йил учун ҳам мақсадлар белгиланади. Ҳозирги таркибда кейинги мавсум учун ўзингизда қолдиришни режалаштирган, алоҳида эътибор қаратаётган футболчилар борми?
– Албатта, бу борада ишлар олиб бориляпти. Дастлаб жамоани анча кузатган бўлсам-да, бу вақт давомида кўп нарса ўзгарди. Жамоа анча шаклланди. Ишонч, ҳаракатлар, бир-бирини тушуниш борасида ҳам кўп жиҳатлар ўзгарди.
Ҳозир «Навбаҳор» исталган жамоага қарши ўз ўйинини кўрсата оладиган жамоага айланди. Бу клубда вазифа ва мақсадлар ҳар доим юқори бўлган. Ҳозир ҳам шундай. Албатта, Кубокда ҳам, чемпионатда ҳам охиригача курашамиз. Шу сабабли бу йил ҳам, келаси йил ҳам бу жамоада юқори мақсадлар қўйилади ва уларга эришиш учун ҳаракат қилинади», - дея Кападзенинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.