«Барселона» «Ювентус» ҳужумчиси Душан Влаҳовичнинг эҳтимолий трансфер бўйича талабларидан хабардор бўлди. Бу ҳақда Sport.es нашри маълум қилди.
Манбага кўра, сербиялик футболчи Каталония клубига ўтадиган бўлса, икки йиллик шартнома имзолашни истамоқда.
Шунингдек, Влаҳович мавсумига тахминан 8 миллион евро маош олишни талаб қилмоқда. Ушбу сумманинг бир қисми бонуслар кўринишида тўланиши мумкин.
Қайд этилишича, айнан шу талабларни ҳужумчи «Ювентус» билан музокараларда ҳам илгари сурган. Бироқ Турин клуби футболчига йилига 5 миллион евро маош таклиф қилишга тайёр.
Душан Влаҳовичнинг «Ювентус» билан амалдаги шартномаси 30 июн куни якунига етади.
Шунга қарамай, «Барселона»нинг асосий трансфер мақсади ҳанузгача Мадриднинг «Атлетико» клуби ҳужумчиси Хулиан Алварес бўлиб қолмоқда.
Маълумотларга қараганда, агар Ферран Торрес жамоани тарк этса ва «ПСЖ»га йўл олса, каталонияликлар Влаҳович трансфери бўйича ҳаракатларни фаоллаштириши мумкин.