Бразилия миллий жамоаси ва Мадриднинг «Реал» клуби вингери Винисиус Жуниор профессионал фаолиятидаги 500-ўйинини ўтказди.
Тарихий натижа ЖЧ-2026 гуруҳ босқичида Ҳаитига қарши баҳсда қайд этилди. Ушбу учрашувда Винисиус нафақат майдонга тушди, балки гол уриб, битта ассист ҳам амалга оширди ва жамоасининг 3:0 ҳисобидаги ғалабасига ҳисса қўшди.
Юбилей ўйинидан сўнг бразилиялик футболчи ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ҳис-туйғулари билан ўртоқлашди.
«Профессионал фаолиятимдаги 500 та ўйин! Бундан шунчаки ақлдан озиш мумкин. Бу гўё рўёбга чиққан орзудек. Худога шукр!», - деди Вини.
25 ёшли футболчи қисқа вақт ичида жаҳон футболининг энг ёрқин юлдузларидан бирига айланди. У «Фламенго»даги фаолиятидан сўнг «Реал»га кўчиб ўтиб, Испания гранди сафида кўплаб совринларни қўлга киритди.