Бугун Ўзбекистон миллий жамоамиз Тошкентдаги «Пахтакор» марказий стадионида Сурияга термасига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказди ва 4:1 ҳисобида рақибини мағлубиятга учратди.
Учрашувда биринчи гол муаллифи ва ҳисобни очган футболчи Шерзод Эсанов бўлди. У илк бор миллий жамоамиз сафида асосий таркибда майдонга тушди ва дебют голини киритишга ҳам муваффақ бўлди.
Ўйиндан кейин Шерзод журналистларнинг саволларига жавоб берди.
- Шерзод, учрашув борасида фикрларингиз.
- Ўйин осон бўлмаслигини билардик. Албатта, учрашувда гол урганимдан ва бу жамоамизнинг ғалабасига ҳисса қўшганидан ҳам жуда хурсандман. Бу гол ўзимга бўлган ишончни янада оширди, деб ўйлайман.
- Голингиз чиройли чиқди. Пасни қабул қилдингиз ва алдаб, ажойиб зарба билан дарвозани ишғол этдингиз...
- Ўша пайтда тўп менга бироз ноқулай келди. Лекин дарҳол тўғрилаб олиб тепишга имконият бўлди ва бундан фойдаланиб зарба бердим.
- Майдондаги ҳаракатларингиз ва голингиз «Реал» футболчиси Жуд Беллингемни эслатиб юборяпти. Бу ҳақида нима дея оласиз?
- Унга қай даражада ўхшайман, билмадим. Лекин унинг ўйинлари менга жуда ёқади. Беллингемнинг ўйинларига ҳавас қиламан. Бизни ҳам шу даражага етказсин.
- Майдонда катта ҳамждаги ишни бажардингиз ва ҳужумда ҳам ўйнадингиз. Мураббийдан қандай кўрсатмаларни олгандингиз?
- Айнан ҳимояланган пайтда ҳимояга ёрдам бериш, хужум қилган чоғимизда эса ҳужумчиларга ёрдам бериш. Орқадан ҳужумгача югуриш вазифаси қўйилганди. Қўлимдан келганича бажаришга ҳаракат қилдим ва жамоамиз ғалабасига озгина бўлса ҳам хисса қўшган бўлсам бундан хурсандман.
- Миллий жамоамизда ўзгаришлар даври бошланди. Сиз каби янги футболчилар кириб келмоқда. Ҳозирда жамоада муҳит қандай ва ўзгаришларни жамоа қандай қабул қиляпти?
- Жуда ҳам яхши. Ўйлашимча, бундан олдин ҳам муҳит ажойиб бўлган. Биз ёшлар миллий жамоага тезроқ мослашишга ҳаракат қиляпмиз. Албатта, бу осон эмас. Аммо ўзимизга бўлган ишонч юқори ва мослашиш жараёни яхши ўтяпти, деб ўйлайман.
- Навбатдаги ўйин яна жиддий бўлади. Чунки сафарда Жанубий Кореяга қарши ўйнаймиз. Бўлажак учрашув олдидан нималарни айта оласиз?
- Осон жамоанинг ўзи йўқ. Табиийки, кейинги ўйинга ҳам жиддий тайёргарлик кўрамиз. Менимча, жуда ҳам қизиқ ўйин бўлади. Бизга, айниқса, ёшларга катта тажриба. Юзимизни ёруғ қилиш учун қўлдан келганича ютишга ҳаракат қиламиз», - дея Эсановнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.
Шерзод Эсанов: «Бу гол ўзимга бўлган ишончни янада оширди, деб ўйлайман»
Эксклюзив
2 октябр, 09:17
Сурияга қарши ўйиндан кейин Шерзод журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Фото: ЎФА