Live
5
Ўзбек

Сергей Лушан: «Натижадан эмас, жамоанинг ўйинидан мамнун бўлдим»

Эксклюзив
27 ноябр, 10:30
Лушан матбуот анжуманида қатнашди.
Сергей Лушан: «Натижадан эмас, жамоанинг ўйинидан мамнун бўлдим»
Фото: Машъал ПФК

Суперлиганинг 29-турида «Бухоро» ва «Машъал» (2:2) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейин меҳмонлар бош мураббийи Сергей Лушан матбуот анжуманида қатнашди.

- Жамоамиз бугун жуда яхши ва сифатли ўйин кўрсатди. Ниҳоят, футболчилар руҳий жиҳатдан бироз эркинлашиб, футбол ўйнай бошлашди. Айрим футболчилардан босимни олиб ташлашга ҳаракат қилгандик. Айтиш мумкинки, бу борада мақсадимизга эришдик.

Жамоанинг ярми мавсум якунига яқин бироз чарчагандек кўринмоқда. Ҳозир йўқотадиган нарсамиз ҳам қолмади. Шу боис режалаштирган ишларимизнинг барчасини амалга оширдик. Аммо ҳар доимгидек, баъзи вазиятларда ўзимизга ўзимиз гол урамиз, имкониятларни бой берамиз. Буни тўғрилашимиз керак. Шунга қарамай, натижадан эмас, балки жамоанинг ўйинидан жуда мамнунман. Ҳатто мағлуб бўлган тақдиримизда ҳам, шундай ўйин кўрсатганимиздан хурсанд бўлардим.

- Бугун майдонда ёш футболчиларни ҳам кўрдик. Келгуси ўйинда яна янги ёш футболчиларга имконият беришингиз мумкинми?

- Бу эҳтимолдан холи эмас. Агар эътибор берган бўлсангиз, назаримда, 12 нафарга яқин ёш футболчини асосий жамоа орқали синовдан ўтказдик. Улар биз билан бирга машғулотларда иштирок этишмоқда. Албатта, шунчаки, ҳазил учун ёки бирор сабабсиз футболчини майдонга тушира олмаймиз. Машғулотларда ва ўйинларда ўзини кўрсатаётган йигитларга имконият берамиз.

Жамоада жароҳат олган футболчилар ҳам бор. Шу сабабли ҳозир таркиб борасида бироз қийинчиликлар мавжуд. Бугун Боймуродов, назаримда, илк бор асосий таркибда майдонга тушди. Асқаров бир неча кун бетоб бўлгани учун шундай қарор қабул қилдик. Ҳозир вазиятга қараб иш тутяпмиз. Олдинда яна тўрт-беш кун бор. Худо хоҳласа, барча футболчилар соғ-саломат бўлишсин. Агар яна қандайдир муаммолар юзага келса ҳам ёшларни майдонга туширишдан қўрқмаймиз. Бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

- Бугун майдонда футболчиларингиз ҳар бир метр учун курашаётганини кўрдик. Уларни бугунги учрашувга қандай руҳлантира олдингиз?

- Йўқ, улар ҳар бир ўйинда шундай курашишади. Биласизми, мен футболга бироз бошқача қарайман. Ўйинларни бошқача таҳлил қиламан. Охирги беш-олти тур давомида йигитлар биз улардан нимани хоҳлаётганимизни тушуна бошлашди. Баъзида бунинг уддасидан чиқишяпти, баъзида эса йўқ.

Бизда жуда катта муаммолар бор. Айниқса, яккакурашларда ва жарима майдони ичидаги ҳаракатларда камчиликлар кўп. Асосий таркибда узоқ йиллардан бери ўйнаб келаётган тажрибали футболчилар бор. Улар йиллар давомида ҳудудий ҳимоя усулида ўйнашган. Энди уларни шахсий қўриқлаш тизимига ўтказиш осон эмас.

Қолган ёш футболчилар учун ҳам бу ҳали тушунарсиз бўлиши мумкин. Умуман олганда, муаммоларимиз жуда кўп. Аммо футболчиларнинг кураши, хоҳиши ва интилиши борасида менда ҳеч қачон эътироз бўлмаган. Улар бирорта ўйинда ҳам курашишдан тўхташмаган. Баъзида натижага эришишади, баъзида эса йўқ. Футболда бундай ҳолатлар бўлиб туради.

Яна бир бор таъкидламоқчиман, бугунги ўйиндагина эмас, умуман, жамоамиз характер кўрсатяпти, курашяпти. Лекин футболда барибир маҳорат кўп нарсани ҳал қилади. Кўплаб жамоаларда икки-уч нафар юқори савияли футболчи бор ва айнан улар жамоани ўз ортларидан эргаштиришади, натижага етаклашади. Бизда эса ҳозирча шундай футболчилар йўқ. Шунинг учун ҳам муаммоларимиз жуда кўп», - дея Сергей Ивановичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Бухоро Бухоро
  • Машъал Машъал
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар