Live
5
Ўзбек

Андрей Шипилов: «Ростини айтсам, ич-этимни еб битиряпман»

Эксклюзив
27 ноябр, 10:38
Шипилов матбуот анжуманида ўз фикрларини айтди.
Андрей Шипилов: «Ростини айтсам, ич-этимни еб битиряпман»
Фото: Андижон ПФК

Суперлиганинг 29-турига старт берилди. Бугун «Қўқон-1912» ўз майдонида «Хоразм» жамоасига 0:2 ҳисобида мағлубиятга учради.
Имконият бой берилгач, қўқонликлар устози Андрей Шипилов матбуот анжуманида ўз фикрларини айтди.

- Аввало, бироз мавзуга оид бўлмаган гапни айтиб ўтмоқчиман. «Қўқон-1912» клубидаги фаолиятимнинг биринчи кунидан бошлаб шуни айтишим мумкинки, клуб раҳбарияти, вилоят ҳокими, шаҳар ҳокими ва бевосита жамоамизни қўллаб-қувватлаётган мухлислар томонидан менга нисбатан ҳеч қандай эътирозли ҳолат бўлмаган. Ҳеч кимни менга ёрдам бермаганликда ёки қўллаб-қувватламаганликда айблай олмайман.

Бу гапларни кимгадир ёқиш ёки хушомад қилиш учун айтаётганим йўқ. Бу — менинг самимий ва ҳаққоний фикрларим. Фақат ҳозирги вазиятдан жуда хафаман, қаттиқ қайғуряпман. Бунинг сабабини ҳам билмайман. Негадир жамоамизга омад кулиб боқмаяпти. Бу ҳақда аввал ҳам айтгандим. Муаммони ҳал қилиш учун турли йўлларни изладим, кўп бор ҳаракат қилдим. Аммо шунчаки омадимиз келмаяпти.

- Бугунги ўйинда ҳам аввалги уй учрашувларида кузатилган хатолар такрорланди. Бу муаммоларнинг сабаби нимада?

- Бугунги ўйин аввалги уй учрашувларимиз билан худди бир қолипдан чиққандек бўлди. Футболчиларга фақат совуққонлик ва ўйин интизомини сақлаш кераклигини айтгандим. Аслида ҳеч нарса бундай натижадан дарак бермаётганди.
Ўзимиз қилган ҳаракатлар билан рақибга бурчак тўпи ишлаб беряпмиз. Рақибнинг стандарт вазиятларини кунлаб таҳлил қилдик. Видео таҳлиллардан кўзларим ҳам, мураббийларимнинг кўзлари ҳам чарчади. Бир нарсани тушуна олмаяпман: илгари бундай видео-таҳлиллар йўқ эди. Мураббийлар шунчаки тушунтириб беришарди, ҳеч нарсани ёзиб ҳам, кўрсатиб ҳам ўтиришмасди. Ҳозир эса ҳар бир футболчи билан алоҳида, уч нафар футболчи билан биргаликда ва бутун жамоа бўлиб таҳлиллар ўтказяпмиз.

Шунча меҳнатдан кейин бундай ҳолатларнинг такрорланиши жуда алам қилади. Ростини айтсам, ич-этимни еб битиряпман. Одамлар стадионга келиб, бизга ишонч ва ёрдам беришаётганини кўриб турибман. Улар билан доимо очиқчасига, юзма-юз гаплашамиз. Улар ўз фикрларини айтишади, мен ҳам жавоб бераман. Аммо барибир омадимиз келмаяпти. Шунчаки омадимиз йўқ.

- Олдинда яна муҳим учрашувлар бор. Жамоани ушбу қийин вазиятдан олиб чиқиш учун қандай режаларингиз бор?

- Ҳозир бизда 3 декабр куни Наманганда ўйин бор, 6 декабрь куни эса кейинги босқичда майдонга тушамиз. Ҳозиргина футболчиларга ҳам айтдим: аввало, инсон бўлишимиз, кейин эса ўз ишининг профессионали сифатида ҳар ким ўз вазифасини тўлиқ бажариши керак.

Агар ҳамма клубни, ўз номини қадрласа, майдонда бор кучини бериши шарт. Менинг «Қўқон» клубига муносабатим жуда яхши. Жамоага ҳам, шаҳарга ҳам кўнгил қўйиб қолганман. Бу ерда менга жуда яхши муносабатда бўлишади. Ҳозирги имкониятлар доирасида биз учун барча шароитлар яратилган. Ресурслар чекланган бўлиши мумкин, аммо одамлар қўлларидан келганча ёрдам беришяпти. Биз яшаётган меҳмонхонада ҳам, стадионда ҳам барча зарур шароитлар бор.
Аммо бундай вазиятга тушиб қолишга лойиқ эмасдик. Биз бунга лойиқ эмасмиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз зиммамдаги масъулиятдан қочмайман. Қўлимдан келганича ҳаракат қиляпман. Демак, бу ҳаракатларим етарли бўлмаяпти. Футболчилар, жамоа ва бутун ходимлар таркиби ҳам керакли даражада ҳаракат қилмаяпти. Қаердадир кимдир ўз вазифасини тўлиқ бажармаяпти.

- Жамоа олдидаги асосий вазифа нима ва бу мақсадга эришиш учун қандай ҳаракат қиласиз?

- Бу вазиятдан чиқишга ҳаракат қиламиз. Биринчи навбатдаги вазифамиз — «Қўқон-1912»нинг Суперлигада сақланиб қолишини таъминлаш. Мен ушбу жамоанинг амалдаги бош мураббийи сифатида бунинг учун бор кучимни ишга соламан.

Ҳозиргина кийиниш хонасида ҳам барчага шуни айтдим. Кимнинг қандай исми, фамилияси, унвони ёки эришган ютуқлари борлиги мен учун мутлақо аҳамиятга эга эмас. Ўзбекистоннинг 15 карра чемпиони бўладими, Осиёнинг 18 карра чемпиони бўладими — бунинг ҳозирги вазиятда мен учун ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Аммо одамлар мени эшитишмади. Ростдан ҳам эшитишмади. Бизда бир хил хатолар такрорланяпти, бир хил ҳолатлар қайта-қайта содир бўлмоқда.

- Бугунги вазият ва жамоанинг келажаги борасида яна нималарни қўшимча қилмоқчисиз?

- Менда айтадиган гапим шу. Ҳеч кимни айбламоқчи эмасман. Ҳозир сизларга очиқ айтдим: мен «Қўқон»да ишлаяпман, шартномам бор ва бугун фақат «Қўқон» учун қайғуряпман. Бошқа ҳеч ким ёки бошқа нарса ҳақида ортиқча гапиришни истамайман. Бугун мени фақат футбол жамоасининг тақдири қизиқтиряпти.
Бу баландпарвоз гаплар эмас. Мен ҳар доим ўз сўзларим учун гап билан эмас, амалларим билан жавоб берганман. Бу иккиси мутлақо бошқа-бошқа нарса. Тил билан кўп гапириш мумкин. Аммо энг муҳими — амал. Қайси соҳада бўлмасин, инсоннинг ҳаракатлари унинг сўзларини тасдиқлаши керак.

Ҳозир биз футбол ҳақида гаплашяпмиз. Кийиниш хонасида ҳам футболчиларга бу тарзда давом этиб бўлмаслигини айтдим. Бу ҳолат ўзгариши шарт. Футболчилар мураббийларга ҳам куч ва ғайрат бағишлаши керак. Шундагина биз тўғри йўналишда ҳаракат қиламиз. Агар энергия фақат мураббий томонидан берилаверса, мураббий бор кучини сарфласа-ю, футболчилар эса шу ғайратни сўндирса, бундай бўлмайди. Жамоа ва бутун жамоавий муҳит биргаликда ҳаракат қилиши керак.

Шунинг учун ҳозир бошқа биров ёки бошқа мавзулар ҳақида гапиришни истамайман. Мени бугун фақат ўз вазифам, яъни «Қўқон-1912» жамоасидаги фаолиятим қизиқтиради», - дея Андрей Сергеевичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Қўқон-1912 Қўқон-1912
  • Хоразм Хоразм
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар