«Насаф» клуби ҳам Ўзбекистон Кубогини 1\8 финалдан тарк этди. Қаршиликлар Наманганда «Навбаҳор» билан тўқнаш келишди. Учрашув тақдирини ягона гол ҳал қилди ва бу «Насаф»ни мусобақадан чиқариб юборди. Ўйиндан сўнг қаршиликлар устози Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида қатнашди.
- Биз 20 минг кучли мухлиси бор жамоанинг майдонида қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилдик. Олдин айтиб ўтганимдек, битта гол ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкин. Биринчи, иккинчи бўлимда агар вазиятимизни голга айлантирганимизда балки ғалаба биз томонда бўларди. Йигитларга раҳмат айтаман, бор кучини бериб ҳаракат қилишди. Менимча, яхши қаршилик кўрсатиб, муносиб ҳаракат қилдик, деб ўйлайман. Ўзинглар ҳам кўрдинглар, яхши ҳимояландик, фақат ҳужумларда гол ура олмадик ва бу мағлубиятга олиб келди.
- Олдин «Насаф» Кубокни ютишга одатланиб қолганди. Аммо охирги уч йилда мусобақани эрта тарк этмоқда. Бугун ўйиндан кейин футболчилар ва сиз ҳам ҳакам билан ниманидир муҳокама қилдингиз. Бу Норчаевни қўлига тўп теккан вазият билан боғлиқми?
- 1:0 пайтда охирида жарима тўпини биз тарафга кўрсатди. Шунга эътироз билдирдик. Бошқа ҳеч қанақа гап бўлгани йўқ.
- Шогирдларингиз бошқа клубларга ўтиб ўйнаб кетяпти ва бу одатий ҳолга айланди. «Насаф» мухлислари буни қабул қилишни ўрганишди. Қачондир сиз ҳам бошқа клуб бош мураббийи сифатида ишлашингиз мумкинми? Буни «Насаф» мухлислари қандай қабул қилади, деб ўйлайсиз?
- Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Бу ҳақида савол берилганда кўп айтардим, биринчи вазифам жонажон жамоамга қўлимдан келганича ёрдам бериш. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Лекин олдиндан ҳеч қачон жамоани ташлаб, бошқа клубга кетиш ниятим бўлмаган.
- «Насаф» «Навбаҳор»га қарши кетма-кет иккита ўйинда ўтказди ва иккаласида ҳам 1:0 ҳисобида ютқазди. Жамоангизга гол уриш учун нима етишмаяпти?
- Савияли ҳужумчилар етишмаяпти. Охирги учрашувларда биздан омад юз ўгиряптими, билмадим. Бу мағлубиятларимизга асосий сабаблардан бири бўляпти. «Пахтакор» билан ўйиндан бошланди. Ўшанда ҳам яхши ҳаракат қилишди. Ҳужумда қаердадир тўсин ва устунлар...Бугун ҳам «Навбаҳор» жамоасига шу нарса ёрдам берди. Ҳужумда совуққонлик етишмаяпти ва унда ишларимиз юришмаяпти. Ўтган сафар ҳам айтдик, футболда шундай гап бор: гол урмасанг ғалаба қозона олмайсан. Бу масалада футболчиларга уқтиряпмиз, босим қилаётганимиз йўқ. Совуққонлик керак бўлади. Биламиз, шунақа давр келдики, сабр қилишимиз керак. Ишлашда давом этишимиз керак, бу давр ўтади», - дея Бердиевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.
Рўзиқул Бердиев: «Шунақа давр келдики, сабр қилишимиз керак»
Эксклюзив
30 август, 14:37
«Насаф» бош мураббийи «Навбаҳор»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Фото: Насаф ПФК
30.08.2026
FT
Ўзбекистон Кубоги
Навбаҳор
1
:
0
Насаф