Ўзбекистон кубоги 2-туридан ўрин олган «Андижон» – «Насаф» (1:1) баҳсидан кейинги матбуот анжуманининг дастлабки қисмида меҳмонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев қатнашди.
— Бу гапни ҳар доим айтамиз: Андижондаги стадионда ажойиб муҳит яратилади. Ўйинга келадиган бўлсак, албатта, иккала жамоа ҳам биринчи ўринни олиб кейинги босқичга чиқишни истайди. Шунинг учун бугунги учрашувда кураш ҳам бўлди, футболчиларда иштиёқ борлиги ҳам кўриниб турди. Йигитларимиз тушунган ҳолда майдонга чиқишди. Чунки «Андижон» жамоасининг ўйинида ўзгариш борлиги ва таркибида маҳорати, даражаси юқори ўйинчиларга эга эканлигини ҳисобга олиб, иккинчи рақамда ўйнадик, кўпроқ ҳимояландик. Бир-иккита вазиятларни ҳисобга олмаганда, ҳимояда яхши ҳаракат қилдик. Ирода кўрсатиб, ғалабани ҳам илиб кетишимиз мумкин эди. Гол урганимиздан кейин бизда озгина ташаббус бор эди. Шунга қарамасдан дуранг бўлди. Ўйлайманки, ўйинга мос бўлди.
— «Насаф» жамоаси гол ургандан кейин қандайдир дурангни ушлаб қолиш учун ҳаракат қилгандек кўринди.
— Тўғри, таъкидладингиз, бу рост. Чунки таркибимиз ва ҳолатимиз билан «Андижон» жамоасининг қанчалик кучлигигини билардик. Уларда маҳоратли футболчилар борлиги учун иккинчи бўлимда бизни дуранг ҳам қониқтирган ҳолда ҳаракат қилдик. Иккинчи бўлимда ўйиннинг бошидан жойлашувимизга ўзгартириш киритдик. Бу «Андижон» жамоаси учун ноқулайлик туғдирди. Шундан кейин гол урдик ва яна вазиятлар яратдик. Шунга қарамасдан, «Андижон» кўпроқ ҳужум қилиб, кўпроқ вазиятлар яратгандир, аммо дарвозабон ва ҳимоячиларимиз яхши ҳаракат қилишди.
— Жамоа легионери Сокари нима учун майдонга туширилмаяпти?
— Ўтган йили келиб, бизда жароҳат олди ва оёғи операция қилинган. Тўлиқ тикланиб бўлгани йўқ. Биз унга янги шартнома бермаслигимизни ўзи ҳам билади. Шунинг учун ўйинга тушганда ҳам ўзини аяётгани учун уни майдонга кам туширяпмиз. Уни ҳам тушуниш мумкин, чунки яна жароҳат олиб қолса, ҳеч кимга керак бўлмай қолиши мумкин. Мақсадимиз — ёшларга кўпроқ имконият бериш. Кўрдинглар, захирамиз бугун фақат ёшлардан иборат эди. Тажрибасини ошириб боришса, бу жамоамизнинг ютуғи бўлади, — дея Бердиевнинг сўзларини келтиради «Андижон» матбуот хизмати.
Рўзиқул Бердиев: «Андижон»даги ўйин ўзгариши ва ўйинчиларнинг юқори даражаси сабаб иккинчи рақамда ўйнадик»
Футбол
21 май, 16:25
«Насаф» бош мураббийи Андижондаги дурангдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Foto: FC Andijon
21.05.2026
FT
Ўзбекистон Кубоги
Андижон
1
:
1
Насаф