Ўзбекистон кубоги 2-туридан ўрин олган «Андижон» – «Насаф» (1:1) ўйинидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Ислом Аҳмедов саволларга жавоб қайтарди.
— Хоҳлаймизми-йўқми, барибир «Насаф» — Ўзбекистонни энг яхши жамоаларидан бири. Уларда бир-икки футболчи йўқ бўлса ҳам, юриб келаётган механизм бор. Ўйинчиларининг йўқлиги у қадар сезилмади ҳам. Ўйиннинг қийин ўтишини билардик. Лекин Худога шукр, футболчиларимиз яхши ҳаракат қилишди. Айниқса, биринчи бўлимнинг 30-дақиқасигача ажойиб ўйин кўрсатишди. Шундан кейин бироз рақибни орқароқда кутиб олдик. Шунинг ҳисобига ва оралиқ масофаларнинг катталашгани сабаб ташаббусни бироз бериб қўйдик. Иккинчи бўлим бошини ҳам шунақа ўтказганимиз эвазига тўп ўтказиб юбордик. Умумий олганда, ёмон эмас. Кўп ҳужумлар қилдик, йигитлар яхши ҳаракат қилишди. Ўйинни кўриб, таҳлил қилиб чиқамиз. Хатолар устида ишлаймиз. Бизга ҳар бир учрашув тажриба бўляпти.
— Захирадан майдонга тушаётган футболчилар аввалги ўйинларда фаол иштирок этишаётганди. Бу сафар бироз сустроқ бўлгандек. Бу толиқиш билан боғлиқми ёки бошқа сабаби борми?
— Балки шунақадир. Ўйинни кўриб чиққандан кейин таҳлил қиламиз. Бироқ уларни ҳам ёмон ўйнади, деб айта олмаймиз. Сабаби, захирадан майдонга тушган футболчиларимиз ўйинни кучайтиришди. Улар ўйинга қўшилгач, кўпроқ ҳужумлар қилдик. Вазиятларимиз кўп бўлди. Ёмон ўйнашгани йўқ. Кўнглимиз тўлди, қониқдик.
— Жамоанинг ғалаба қозона олмаганига нима етишмади, деб ўйлайсиз?
— Қаердадир омад етишмади. Сабаби — кўп ҳужум қилдик, аммо голга айлантира олмадик. Агар ҳеч қандай ҳужум қилмаганимизда камчиликларимиз борлиги ҳақида айтишимиз мумкин эди. Ҳужумлар қилдик, тўпни назорат қилдик ва якуний зарбани беришда уларнинг дарвозабони ҳам яхши ҳаракат қилди, омад ҳам келмади ва тўп дарвозага кирмади.
— Таркибда ротациялар кўп бўляпти. Бу ҳолатга нима дея оласиз?
— Иложи борича ички рақобатни кучайтиряпмиз. Ўйин учун охирги кунгача барча футболчиларни кўряпмиз ва якунда ким тайёр бўлса, ўшаларни майдонга туширяпмиз. Рақибга қараб ўйин услубимизни ҳам ўзгартираётган пайтлар бўляпти ва шунда ўз-ўзидан бошқа футболчилар ҳам тушяпти.
— Сўнгги турда сафарда «Ҳавоканд»га қарши ўйнайсизлар. Ушбу ўйинда ёшларга ҳам имконият берасизми? Масалан, Ҳамидулло Каримов ва шунга ўхшаш...
— Худо хоҳласа, қўлдан келганича имконият берамиз. Шунчаки, енгил қараш керак эмас. Рақибни ҳурмат қилган ҳолда ёшларимизга ҳам имконият беришга ҳаракат қиламиз, — дея Аҳмедовнинг сўзларини келтиради клуб матбуот хизмати.
Ислом Аҳмедов — «Насаф» билан дуранг, ротация ва 3-турдаги ўйин ҳақида
Футбол
21 май, 17:15
«Андижон» бош мураббийи Ўзбекистон кубоги 2-туридаги баҳсдан сўнг саволларга жавоб берди.
Foto: FC Andijon
21.05.2026
FT
Ўзбекистон Кубоги
Андижон
1
:
1
Насаф