“Барселона” ярим ҳимоячиси Марк Берналнинг келажаги Родри трансфери ортидан кун тартибига чиқди. Испаниянинг Mundo Deportivo нашрининг ёзишича, футболчининг вакили Раул Верду чоршанба куни клубнинг спорт директори Деку билан учрашиб, 19 ёшли ярим ҳимоячининг жамоадаги ўрнини муҳокама қилган.
Учрашувга асосий сабаб — “Барселона”нинг Жаҳон чемпионати энг яхши футболчиси ва 2024 йилги “Олтин тўп” соҳиби Родрини таркибга қўшишга яқинлашаётгани. Агар трансфер амалга ошса, марказий ярим ҳимояда рақобат кучаяди ва бу Берналнинг ўйин амалиётига бевосита таъсир қилиши мумкин.
Берналнинг асосий мақсади эса келаси мавсумда мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш. Манбага кўра, Деку ва бош мураббий Ҳанси Флик ҳам футболчи жамоа режаларида борлигини яхши тушунади. Шу сабабли клуб ҳозирча уни сотиш ёки ижарага бериш вариантини кун тартибига қўймаган.
Фақат Берналнинг ўзи жамоадан кетишни талаб қилса, “Барселона” уни ижарага бериш имкониятини кўриб чиқиши мумкин. Бироқ клуб раҳбарияти ва Флик 19 ёшли футболчи мавсум давомида етарлича дақиқа олишига ишонмоқда.
Бунга Берналнинг бир нечта позицияда ўйнай олиши ҳам сабаб бўлмоқда. Ярим ҳимоячи марказда турли вазифаларни бажара олади ва шу жиҳати билан Фликнинг тактик режаларида муҳим вариант ҳисобланади. Бундан ташқари, немис мутахассиси Бернални Френки де Йонгдан устун кўраётгани айтилмоқда.
Бернал ўтган мавсумда ҳам “Барселона”дан кетишига яқин бўлган. Унга Италиянинг “Комо” клуби қизиқиш билдирган ва футболчининг ижараси ёки трансфери муҳокама қилинган эди. Бироқ каталонияликлар ярим ҳимоячини сақлаб қолишга қарор қилган.
“Барселона”да марказий ярим ҳимоядаги рақобат Родри келганидан кейин янада кучайиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Касадо ва Томми Маркес клубдан кетиши мумкин. Бу эса Бернал учун таркибдаги ўйин амалиётини сақлаб қолиш имкониятини оширади.