«Реал»нинг футболчилар маоши учун ажратаётган маблағи ёзги трансфер кампанияси ва Винисиус Жуниор билан шартнома узайтирилганидан кейин кескин ошди. Sport.es нашри 2playbook.com ҳисоботига таяниб хабар беришича, клубнинг ушбу мавсумдаги маош ва амортизация харажатлари 707 миллион еврони ташкил қилмоқда.
Манбага кўра, бу сумма «Реал»нинг умумий операцион харажатларининг 57 фоизига, даромадининг эса 50 фоизига тенг. Шунга қарамай, клубнинг молиявий ҳолати бундай харажатларни УEФА томонидан белгиланган меъёрларни бузмаган ҳолда амалга ошириш имконини бермоқда.
Мадридликлар ушбу мавсум якунида жами 1 миллиард 405 миллион евро даромад олишни прогноз қилмоқда. Бу эса клубнинг юқори миқдордаги маош харажатларини молиявий жиҳатдан қоплаш имкониятига эга эканини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, «Реал» ёзги трансферлар вақтида таркибини кучайтирган, шунингдек, бразилиялик Винисиус Жуниор билан шартномани узайтирган эди.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади