«Ливерпул» дарвозабони Гиорги Мамардашвили Алиссоннинг жамоада қолиши сабаб клубни тарк этиши мумкин. Sky Sports журналисти Винни O'Коннор хабарига кўра, бразилиялик посбон билан янги шартнома имзоланса, грузиялик дарвозабон ўз келажаги борасида қарор қабул қилишига тўғри келади.
«Алиссон жамоада қолишни истамоқда. 34 ёшида ҳам у Андони Ираола учун шубҳасиз биринчи рақамли дарвозабон ҳисобланади. Унинг амалдаги шартномаси ёзда якунланади ва янги келишув бўйича музокаралар олиб борилмоқда. «Ливерпул» ҳозирча бу музокаралар қайси босқичда эканига изоҳ бермаяпти.
Виржил ван Дейк ва Муҳаммад Салоҳ билан шартномаларни узайтириш борасидаги музокараларда ҳам келишувга уларнинг шартномаси тугашига бир неча ой қолганида эришилган эди. Шу сабабли клуб Алиссон масаласида ҳам сабр қилиши мантиқан тўғри.
Агар томонлар келишувга эришса, Алиссоннинг «Ливерпул»даги фаолияти тўққиз йилдан ҳам ошиши мумкин. Бундай вазиятда 26 ёшли Мамардашвили ўз келажаги ҳақида ўйлашига тўғри келади. У 2024 йил ёзида жамоага келганидан бери асосан захира дарвозабони бўлиб келмоқда. Шу боис мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш учун бошқа клубга ўтишни исташи ажабланарли эмас», — дея O'Коннорнинг сўзларини келтиради Скй Sports.
Маълумот учун, Мамардашвили «Ливерпул»га 2024 йил ёзида «Валенсия»дан ўтган. У Англия клубида асосий таркибдаги мунтазам ўйин амалиётига эга бўла олмаган.
Эслатиб ўтамиз, Алиссоннинг «Ливерпул» билан амалдаги шартномаси келаси ёзда якунланади. Клуб бразилиялик дарвозабон билан ҳамкорликни давом эттириш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Telegram’да биринчи бўлиб фикр билдиринг
Муҳокамага ўтишИзоҳлар Telegram’да очилади