«Реал» Рафаэл Надални директорлар кенгаши аъзолигига номзод сифатида таклиф қилди.
Мадрид клуби директорлар кенгаши жаҳоннинг собиқ биринчи ракеткаси, испаниялик теннисчини ўз таркибига киритишни тасдиқлаш масаласини кўриб чиқишга қарор қилди. Бу ҳақда клубнинг расмий сайти хабар берди.
«4 ноябр куни бўлиб ўтган «Реал» футбол клуби директорлар кенгаши йиғилишида Рафаэл Надал Парерани — клубимизнинг 67 778-рақамли аъзосини — директорлар кенгашининг янги аъзоси этиб тайинлаш масаласини делегатлар умумий йиғилиши муҳокамасига киритишга қарор қилинди.
Рафаэл Надал «Реал» Мадриднинг фахрий аъзоси, спорт тарихидаги энг буюк афсоналардан бири, шунингдек, дунёдаги энг ҳурматга сазовор ва машҳур испаниялик спортчилардан ҳисобланади.
Бундай улкан спорт ва инсоний фазилатларга эга, Испания ва жаҳон спортида эътироф этилган шахснинг клубимиз директорлар кенгашига қўшилиши «Реал» Мадрид ва барча мухлислар учун катта шарафдир. Унинг иштироки клубимизнинг бугуни ва келажагига ҳисса қўшади.
Рафаэл Надал ўзининг бой ютуқлари билан ҳақиқий афсонавий спорт фаолиятини намоён этган. У яккаликда жами 92 та совринни қўлга киритган. Уларнинг орасида «Катта дубулға» турнирларидаги 22 та ғалаба, иккита Олимпия олтин медали, Испания жамоаси билан Дэвис кубогидаги бешта ғалаба ҳамда жаҳоннинг биринчи ракеткаси мақоми бор.
Бироқ унинг шахсияти фақат спортдаги ютуқлар билан чекланмайди. Истеъдоди, доимий равишда ўз устида ишлаши, фидойилиги, ғалабага бўлган интилиши, камтарлиги, рақиблари ва жамоадошларига ҳурмати ҳамда ҳамжиҳатлик туйғуси уни кортда ҳам, ундан ташқарида ҳам намуна бўлишга лойиқ инсонга айлантиради.
Бу қадриятларнинг барчаси «Реал» Мадриднинг ажралмас бир қисми ҳисобланади. Рафаэл Надал бутун спорт фаолияти давомида ушбу қадриятларни ўзида мужассам этди ва уларга содиқ қолди. Натижада у бутун дунёдаги миллионлаб инсонларнинг қаҳрамонига айланди», — дейилади клуб баёнотида.
«Реал» Надалнинг клуб директорлар кенгаши аъзолигига номзодлигини тасдиқлади
Футбол
4 ноябр, 09:24
14
Жаҳоннинг собиқ биринчи рақамли теннисчиси расман Мадрид клубида иш бошлайди.
Foto: Getty Images
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади