«Лион» Паулу Фонсека билан ҳамкорликни тўхтатганини эълон қилди.
53 ёшли мутахассис Франция клуби бош мураббийи лавозимини тарк этди. Аввалроқ у «Спортинг»ни бошқариши ҳақида хабарлар тарқалганди.
«Бир неча кун олдин Паулу Фонсека клуб раҳбариятига «Лион»ни тарк этиш истаги борлигини маълум қилди. Кутилмаган бу қарор, айниқса, мавсум ўртасида қабул қилингани сабабли, «Лион»да чуқур афсус уйғотди.
Унинг қатъий истагини инобатга олган ҳолда, раҳбарият бундай шароитда ҳамкорликни давом эттириш клуб манфаатларига мос келмайди, деган қарорга келди. Чунки бундай ҳамкорлик энди лойиҳанинг муваффақияти учун зарур бўлган тўлиқ садоқатни кафолатлай олмайди.
Мавсумнинг ўта масъулиятли палласида «Лион» барча имкониятларини клуб мақсадларига эришиш учун сафарбар этиш зарур, деб ҳисоблайди.
Шу боис клуб раҳбарияти Паулу Фонсека қабул қилган қарорни инобатга олди ва унинг ўрнига янги мураббий излаш ишларини бошлади.
Янги мураббий сўнгги ойларда шакллантирилган спорт лойиҳасини давом эттира оладиган, клуб тамойиллари ва талабларига жавоб берадиган номзодлар орасидан танланади.
Янги тайинловга қадар Жорже Масиел жамоани бошқариш масъулиятини ўз зиммасига олади. У миллий жамоалар ўйинлари учун белгиланган навбатдаги танаффусга қадар, жумладан, шу пайшанба куни Европа Лигаси доирасида «Реал Сосиедад»га қарши беллашувда ҳамда якшанба куни «Брест» майдонидаги баҳсда жамоага устозлик қилади.
«Спортинг» Паулу Фонсека билан шартнома муддатидан олдин бекор қилингани учун «Лион»га 5 миллион евро товон пули тўлайди.
«Лион» Паулу Фонсекага клубда ишлаган давридаги фидойилиги, юқори талабчанлиги ва меҳнати учун миннатдорчилик билдиради ҳамда унга фаолиятининг янги босқичида омад тилайди», — дейилади Франция клуби баёнотида.
«Лион» Фонсека билан хайрлашганини эълон қилди
Футбол
4 ноябр, 08:40
Клуб мураббийнинг илтимосини қондирди. Португалиялик мутахассис «Спортинг» устозига айланади.
Foto: Getty Images