«Манчестер Юнайтед» яримҳимоячиси Каземиро ва ҳимоячи Тайрелл Маласия расман клуб билан хайрлашди. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо хабар берди.
Манба маълумотига кўра, икки футболчи бугундан бошлаб эркин агент мақомига эга бўлди ва «қизил иблислар» сафини тарк этди.
Айниқса, Каземиронинг кетиши клуб учун муҳим ўзгаришлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Бразилиялик яримҳимоячи 2022 йилда Мадриднинг «Реал» клубидан катта умидлар билан трансфер қилинган эди.
Қайд этилишича, 34 ёшли футболчи фаолиятини АҚШда давом эттириши кутилмоқда. Ҳозирда у МЛС вакили «Интер Майами» сафига қўшилиш арафасида турибди.
Тайрелл Маласия эса бир неча мавсум давомида жароҳатлар билан курашганидан сўнг клубни тарк этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Манчестер Юнайтед» ёзги трансферлар ойнасида таркибни жиддий янгилашни режалаштирмоқда. Аввалроқ клуб Жейдон Санчони ҳам эркин агентга айланганини эълон қилган эди.
Маълумот учун, Санчо, Каземиро ва Маласиянинг кетиши билан манкунианликлар маош фондида сезиларли маблағни тежаб қолади.