«Тоттенҳэм» ўнг қанот ҳимоячиси Педро Порро билан янги шартнома имзолаш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо хабар берди.
Манбага кўра, барча ҳужжатлар расмийлаштирилган ва футболчи агентлари билан битим тўлиқ якунланган.
Янги шартнома 2031 йилнинг июнига қадар амал қилади. Бундан ташқари, клуб уни 2032 йилнинг июнигача узайтириш имконини берувчи опсияни ҳам қўшган.
Шунингдек, янги битим доирасида Педро Порронинг маоши оширилган.
Аввалроқ футболчига «Манчестер Сити» ва бошқа клублар қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ Романо маълумотига кўра, ҳимоячининг клубни тарк этиш эҳтимоли деярли бўлмаган.
Қайд этилишича, «Тоттенҳэм» Педро Поррони жамоанинг дахлсиз футболчиларидан бири деб ҳисоблайди ва унинг кетишини умуман кўриб чиқмаган.
26 ёшли испаниялик футболчи сўнгги мавсумларда Лондон клуби ҳимоясининг муҳим бўғинига айланган ва ҳужумдаги фаоллиги билан ҳам ажралиб туради.