«Бунёдкор» яримҳимоячиси Наримон Аҳмаджонов Ўзбекистон Суперлигасининг 22-туридаги энг яхши ёш футболчиси деб эътироф этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан хабар берилди.
Аҳмаджонов ушбу турда жамоасининг ҳужумларида фаол иштирок этиб, самарали ҳаракатлари билан ажралиб турди. «Бунёдкор» вакили ўз ҳисобига битта голли узатмани ёздириб қўйган. Шунингдек, унинг хG кўрсаткичи 0,29 ни ташкил этган.
Яримҳимоячи рақиб дарвозаси олдида вазиятлар яратишда ҳам фаол бўлган. Аҳмаджонов ушбу тур давомида учта калит узатмани амалга оширган. Учрашувдаги кўрсаткичлари футболчининг ҳужумдаги ҳиссасини таъкидлайди.
Эслатиб ўтамиз, «Бунёдкор» 22-тур доирасида «Бухоро» билан ўйнаб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
